Маҳалланинг ички кўчалари обод бўлмоқда
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан йўлга қўйилган “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларини ислоҳ қилиш, мавжуд молиявий имкониятларни энг муҳим масалаларга жалб этиш, бюджет сарфи жараёнининг шаффоф ва очиқлигини таъминлаш, қолаверса, мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, фуқароларнинг жамият ҳаётида фаол иштироки ва дахлдорлик ҳиссини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
“Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2026 йил 1- мавсумида Марҳамат туманидаги ички йўлларни асфальтлаш бўйича умумий қиймати 9 миллиард 878 миллион сўм бўлган 6 та лойиҳа ғолиб деб топилган эди. Ана шу лойиҳалар доирасида буюртмачи ташкилот “Андижон минтақавий йўллар” давлат унитар корхонаси томонидан тумандаги Ўқчи, Кўтарма, Қўрғонча, Оқбош, Қушчи, Шаҳристон маҳаллаларининг 24 километр узунликдаги ички кўчалари асфальтланади.
Айни кунда қатор маҳаллаларнинг ички кўчаларини асфальтлаш ишлари қизғин олиб борилмоқда.
– Юртимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганлигидан қалбимиз фахрга тўлади, – дейди, “Ўқчи” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Одинахон Ҳакимова. – Маҳалламиз туманнинг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланади. Лекин бу ердаги ўзгаришлар, бунёдкорлик, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар маҳалла аҳлини беҳад қувонтирмоқда.

Туманнинг Ўқчи маҳалласидаги мавжуд 659 хонадонда 3 минг 776 нафар аҳоли истиқомат қилади. Кейинги йилларда маҳалла инфратузилмаси тубдан яхшиланди. Хусусан, Катта Ўқчи, Тошлоқ-2, Бозорбоши, Бешкал кўчаларида ҳар бир хонадонга ичимлик суви туширилди, электр энергияси таъминоти яхшиланди. Умуман, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Маҳалланинг Бешкал кўчасида йўл билан боғлиқ муаммо кўп йиллардан буён одамларни қийнаб келаётган эди. “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси туфайли ушбу муаммо ҳам тўла ҳал этилди.
– Неча йиллардан буён ҳудудимиздаги Бешкал маҳалласининг ички йўлларини таъмирлашга, асфальтлашга ҳаракат қилиб келардик, – дейди мазкур кўчада яшовчи меҳнат фахрийси Нозимжон Назиралиев. – Лекин ижобий натижага эриша олмаётгандик. “Ташаббусли бюджет” танловининг 1-мавсумида қатнашиб, кўчаларимизни асфальтлаш учун 1 миллиард 648 миллион сўм ютиб олдик, Ҳозирда маҳалланинг 3 та кўчаси тўла асфальтланди. Маҳалла аҳли энди йўл муаммосидан азият чекмайди.

Айни пайтда йўлсозлар томонидан лойиҳа доирасида маҳалланинг қатор кўчаларига сифатли асфальт ётқизилди.
– Асфальтлаш ишлари сифатли ва ўз муддатида бажарилди, – дейди “Андижон минтақавий йўллар” давлат унитар корхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Диёрбек Мадраҳимов. – Корхонамиз йўлсозлари томонидан маҳалладаги 4,3 километр узунликдаги 3 та кўча тўла асфальтланди.
Қарийб 20 йилдан буён асфальтланмаган битта, барпо этилганидан буён умуман асфальтланмаган иккита кўчанинг асфальтланганлигидан маҳалла аҳлининг қувончи чексиз.
– Кўчаларимиз қишда лой, ёзда чанг, тупроқ эди, – дейди маҳалланинг Бешкал кўчасида яшовчи, меҳнат фахрийси Бахтиёржон Давронов. – “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида кўчамиз асфальтланганидан жуда хурсандмиз. Авваллари ёмғир ёғса кўчамизда юришга қийналар эдик. Айниқса, ёш болалар мактабга бориб келгунча ташвишда ўтирар эдик. Мана энди кўчаларимиз текис, равон, асфальтланган. Илоҳим, юртимиздаги барча кўча ва маҳаллалар обод бўлаверсин.


Бугун фуқароларнинг фаоллигида ўтказилаётган "Ташаббусли бюджет" механизми туфайли нафақат йўлларнинг сифати яхшиланмоқда, балки аҳоли ва транспорт воситалари учун қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш имконияти кенгаймоқда, энг муҳими, ушбу лойиҳа маҳалла ободончилигига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари