Маҳаллалардаги ҳар бир ўзгариш эртанги фаровон ҳаётнинг мустаҳкам пойдевори саналади
Мустақилликнинг 35 йиллиги
Тонг саҳарлаб маҳаллада сайр қилишни одат қилган Аҳмад ота етмиш ёшда. У Сергели туманидаги Ўзгариш маҳалласининг эски кўчаларини яхши билади. Лой ва қоронғи йўлаклар, мўлтираб турадиган тунги чироқлар кечагидек ёдида.
Бугун у равон, атрофи дарахтзор, фавворалар шовуллаётган кенг йўлак бўйлаб сайр қилади. Маҳалламизнинг номи Ўзгариш эди-ю, лекин аслида ҳақиқий ўзгариш мана энди келди, дейди кўнгли тўлиб. Буни кўпни кўрган бир инсоннинг кузатгани, ўз кўзи билан кўраётган ўзгаришга берган виждоний баҳоси дейиш мумкин.
Пойтахтимизнинг Сергели туманида жойлашган бу маҳалла катта жойни эгаллаган. 45 та кўп қаватли уйда 1 минг 620 та хонадон бор. Уларда эса 6 минг 700 нафардан зиёд одам истиқомат қилади. Бу рақамлар ортида ҳар хил тақдирлар, умрлар, кутишлар яшайди.
Йиллар давомида инфратузилма эскириб борган, кўчалар таъмирланмаган, болалар учун ўйин майдончалари йўқ, нуронийлар ҳордиқ чиқарадиган ҳудуд бўлмаган. Бу жойда тўпланиб қолган муаммолар эса оддий аҳолининг кайфиятига, умидига, ҳатто ўз маҳалласига нисбатан меҳрига сезиларли таъсир кўрсатиб келган. Одамлар яшаган, лекин яшаётганини унчалик ҳис қилмаган жойларнинг бири бўлган бу маҳалла.
Кейинги йилларда бу манзил номига монанд тарзда чин ўзгаришга юз тутди.
[gallery-30451]
– Бугун маҳаллада 10 та замонавий болалар майдончаси, мини-футбол майдони ва 2 та саломатлик ҳудуди бор, – дейди Ўзгариш маҳалласи раиси Доно Миралиева. – Шунингдек, 1,4 километрлик пиёдалар йўлаклари барпо этилди. 12 та кўп қаватли уйнинг фасади таъмирланиб, ички йўлларга асфальт ётқизилди. Яна 2 минг 720 туп манзарали дарахт ва бута кўчатларини экдик. Бу рақамларни санаб ўтар эканман, уларнинг ортида нима ётишини аниқ айтаман. Бу юзлаб фарзандларимизнинг хавфсиз болалиги, нуронийларнинг мазмунли ҳордиғи ва ҳар бир хонадоннинг бугунги кундан розилиги дегани. Дарҳақиқат, болалар майдончасидаги хурсандчилик, кечқурун сайр қилаётган оила, дарахт соясида ўтирган нуроний... Буларнинг барчаси оддий рақам эмас, бу таърифлаб бўлмас туйғу дегани.
Шу йилнинг 4 июль куни Президентимизнинг бу маҳаллага бориши ва нуронийлар, ҳудуд фаоллари билан суҳбатлашиши маҳалла аҳли учун оддий воқеа бўлмади. Бу мулоқотда қайд этилган бир нарса эътиборга лойиқ. Амалга оширилган ижобий ўзгаришлар тасодиф ёки бир марталик акция эмас, балки муносиб турмуш шароити яратишга қаратилган тизимли ишларнинг натижасидир. Чунки маҳаллаларни обод қилиш бир кунда бўладиган иш эмас. Бу катта сиёсий ирода, тизимли ислоҳотлар мевасидир.
Маҳаллани давлатнинг кичик бир кўриниши дейишади. Бу ибора жуда тўғри, аммо унинг ортида яна бир чуқурроқ маъно бор. Маҳалла обод бўлса, давлат ҳам тараққий этаверади. Ўзбекистонда Ўзгаришдек маҳаллалар жуда кўп. Уларнинг ҳар биридаги янгиланиш юртдошларимизнинг ҳаётига бевосита таъсир қилади.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида маҳаллаларимиздаги бундай манзаралар алоҳида мазмун касб этади. Шунда истиқлолнинг фақат байрам, фақат тарих ёки фақат улуғ ғоя эмаслиги яққол кўринади. У ҳар бир хонадонда, ҳар бир маҳаллада намоён бўлади. Бир отахон сайр қиладиган текис йўлак ана шу мустақилликнинг мевасидек кўринади. Болалар хавфсиз ўйнайдиган майдонча шу эркинликнинг рамзига ўхшайди. Мустақиллик ана шундай бир шаклда одамнинг кўзида порлайди.
Икром АВВАЛБОЕВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ(сурат),
ЎзА мухбирлари