Хоразм вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Урганч туманида “Янгийўл тажрибаси” асосида ёқилғи-энергетика тизимидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича йўл харитаси ижроси юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда вилоят прокурорининг ўринбосари Х.Ёвбосаров ҳамда соҳавий ташкилотлар ва масъуллар иштирок этди. Асосий эътибор аҳоли ва ишлаб чиқариш корхоналарини барқарор қувват таъминоти билан таъминлаш, мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш ва самарадорликни оширишга қаратилди.

Тадбирда “Янгийўл тажрибаси”дан келиб чиққан ҳолда энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи манбалардан фойдаланиш, газ ва электр тармоқларини модернизация қилиш орқали узлуксиз таъминотни таъминлаш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш каби йўналишлар белгилаб олинди.
***
Хива шаҳридаги "Нурли маскан" мактаб-интернати ходимларига коррупцияга қарши курашиш мавзусида навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Хоразм вилояти бошқармасининг коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс назоратини амалга ошириш бўйича бош мутахассиси А.Авезов томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича амалдаги қонунчилик талаблари, давлат хизматчилари учун белгиланган одоб-ахлоқ қоидалари ҳамда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш юзасидан тушунтиришлар берилди.

Йиғилиш давомида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги ҳамда “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунлар ва ички идоравий ҳужжатлар талабларига сўзсиз риоя этиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
***
Янгиариқ тумани ҳокимлиги томонидан миграциядаги ёшлар билан онлайн мулоқот ўтказилди.
Мулоқот давомида ёшларни қийнаётган масалалар тингланиб, уларни ҳал этиш юзасидан зарур тавсиялар ва амалий кўрсатмалар берилди. Шунингдек, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хавфсиз ҳамда қонуний меҳнат миграциясини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

– Туманда миграциядаги ёшлар билан ишлаш бўйича махсус штаб фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, улар билан доимий равишда онлайн учрашувлар, очиқ мулоқотлар ташкил этиб борилади, – дейди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари С.Жабборов. – Ҳар бир мурожаат ва таклиф алоҳида назоратга олиниб, амалий ечим топиш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Тадбирда таъкидландики, ёшларнинг хорижда қонуний асосда ишга жойлашиши, муносиб меҳнат шароитларига эга бўлиши ҳамда турли хавф-хатарларнинг олдини олиш мақсадида Миграция агентлиги билан яқин ҳамкорликда тизимли ишлар олиб борилмоқда.
***
Хонқа туманида ғўзани парваришлаш ва агротехник тадбирларни ўз вақтида ҳамда сифатли амалга ошириш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди.
Семинарда мутахассислар томонидан махсус препаратларни қўллаш тартиби ва унинг афзалликлари ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, дала майдонлари ва уларнинг атрофини ободонлаштириш, пластик ҳамда бошқа турдаги чиқиндилардан тозалаш бўйича тавсиялар билдирилди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА