Маҳаллада хавфсиз муҳит – ислоҳотлар устувор йўналиши
Навоий вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими Нормат Турсунов ва Республика Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев иштирокида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика ишларини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган ислоҳотлар муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда юртимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда маҳалла тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, аҳоли тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ижтимоий муаммоларни манзилли ҳал этиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “2026 йил республика маҳаллаларида жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижросининг жорий йил 4 ойидаги натижалари атрофлича таҳлил қилинди.
Таъкидланганидек, бугунги ислоҳотларнинг асосий мақсади жиноятни содир этилгандан кейин эмас, балки унинг келиб чиқиш сабабларини барвақт аниқлаш ва бартараф этишдан иборат. Шу маънода маҳаллаларда профилактика инспекторлари, ёшлар етакчилари ҳамда кенг жамоатчиликнинг ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этмоқда.

Йиғилиш давомида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш, профилактика ишларини кучайтириш, аҳоли мурожаатлари билан манзилли ишлаш ҳамда масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорликни янада самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда мутасадди раҳбарлар томонидан амалга оширилган ишлар танқидий-таҳлилий кўриб чиқилиб, йўл қўйилган камчиликлар муҳокама этилди ва келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири