Оила — жамият таянчи ва маънавий барқарорлик омили
15 май — Халқаро оила куни
Инсоният тараққиёти тарихида оила ҳамиша жамиятнинг энг муҳим ижтимоий институти сифатида эътироф этиб келинган. У нафақат инсон тарбияси шаклланадиган муҳит, балки миллий қадриятлар, маънавий мерос ва ижтимоий барқарорликни таъминловчи муқаддас маскандир. Шу боис ҳам дунё ҳамжамияти томонидан оила институтини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20 сентябрдаги резолюциясига мувофиқ, 1994 йилдан буён мамлакатимизда ҳам ҳар йили 15 май — Халқаро оила куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Бу сана оиланинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда аҳоли эътиборини оила билан боғлиқ долзарб масалаларга қаратишда муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда жонажон Ўзбекистонимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ҳамда 16 та диний конфессия аъзолари аҳил ва иноқ оиладек истиқомат қилмоқда. Юртимиздаги 157 та миллий маданий марказ турли халқларнинг маданияти, тили ва анъаналарини асраб-авайлаш, уларни ёш авлодга безавол етказиш йўлида самарали фаолият кўрсатмоқда. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар билан алоқалар қўмитаси мазкур марказларни доимий қўллаб-қувватлаб, жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Турли миллат вакилларининг оилага бўлган муҳаббати ва садоқати жамиятимиздаги маънавий жипсликнинг асосий негизидир.
Глобаллашув ва ахборот технологиялари жадал ривожланаётган ҳозирги даврда оила институти олдида янги ижтимоий ва маънавий чақириқлар пайдо бўлмоқда. Рақамли муҳитнинг кенгайиши ва "оммавий маданият" таъсири оилавий муносабатларга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Шу боис оилада соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, фарзанд тарбиясида миллий ва умуминсоний қадриятларга таяниш ҳар қачонгидан ҳам долзарброқдир.
Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги тегишли қарори билан тасдиқланган Оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси бу борадаги тизимли ислоҳотларнинг муҳим ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу ҳужжатда оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ажримларнинг олдини олиш ва оилавий муносабатларда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш каби вазифалар устувор этиб белгиланган.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XIV бобида ҳам оила, болалар ва ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Бош қомусимизда оила жамиятнинг табиий ва асосий бўғини сифатида эътироф этилиб, давлат унинг муҳофазаси учун масъул экани мустаҳкамлаб қўйилган. Бу эса оиланинг нафақат ижтимоий, балки маънавий-ахлоқий жиҳатдан ҳам давлат ҳимоясида эканидан далолат беради.
Оила — инсоннинг илк тарбия мактаби. Фарзанднинг дунёқараши, Ватанга муҳаббати ва масъулият ҳисси аввало ота-она бағрида шаклланади. Халқаро оила куни муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар ёшлар онгида соғлом оила тушунчасини янада кучайтиришга хизмат қилади. Зеро, оила мустаҳкам бўлса — жамият барқарор, жамият барқарор бўлса — мамлакат тараққиёти бардавом бўлади.
Мирсултон МИРЗАРАҲМАТОВ,
Миллатлараро муносабатлар қўмитаси мутахассиси
ЎзА