Маҳалла фуқаролар йиғини янги бинода иш бошлади
Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги Кўтармачек маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Туман ҳокими Иқболжон Матрўзиев, сектор раҳбарлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вакиллари иштирокида маҳалланинг янги идораси очилишига бағишланган тадбирда мамлакатимизда маҳалла тизимига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, маҳалла фуқаролар йиғинлари учун мослаштирилган янги бинолар барпо этилиб, самарали фаолият олиб бориш учун зарур шарт-шароитлар яратилаётганлиги таъкидланди.
Табиркор Алишер Омонов томонидан барпо этилган маҳалла идораси зарур барча жиҳозлар билан таъминланди.
[gallery-188]
– Маҳалламиз идораси авария ҳолатига тушиб қолган эди, – дейди Кўтармачек МФЙ раиси Илҳомжон Мадаминов.
– Ҳукуматимизнинг эътибори, туман ҳокимлиги ва тадбиркорнинг кўмаги билан 4 минг 100 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилаётган маҳалламиз учун янги идора қуриб берилди. Раис, ўринбосарлари, профилактика инспектори учун алоҳида-алоҳида хоналарга эга бўлган ушбу бинода самарали фаолият юритиш учун зарур барча шароитлар яратилган.
Тадбир қатнашчилари янги бинода яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Туман ҳокимлиги, Маҳалла ва оила бўлими томонидан маҳалла идорасига компьютер жамламаси совға қилинди.
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, З.УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА