Маҳалла аҳоли фаровонлигини таъминлашда жамоатчилик ва давлат ўртасидаги таянч кўприкдир
Кейинги йилларда маҳалла институтини ислоҳ қилиш, уни аҳоли ҳаётига яқин ва самарали тизимга айлантириш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чоралар амалга оширилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди. Унга кўра ижтимоий ёрдам ва субсидияларни аҳолини камбағалликдан чиқаришга мақсадли-манзилли йўналтириш, қарорлар қабул қилишда очиқлик, ҳаққонийлик, ижтимоий адолат ва шаффофлик тамойилларига риоя этилишини таъминлаш учун “маҳалла еттилиги” масъул этиб белгиланди.
Шунингдек, 2023 йил 21 декабрдаги “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори билан Маҳаллалар уюшмаси ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашлар тизими ташкил этилди. Бу орқали “маҳалла еттилиги” маҳаллани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимига институционал жиҳатдан интеграция қилинди.
Мазкур ислоҳотлар Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари билан изчил давом эттирилди. Хусусан, Ҳукуматнинг 2024 йил 15 мартдаги қарори билан “Маҳалла еттилиги” фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг намунали тузилмасига киритилди. Бу эса маҳаллабай ишлаш тизимига масъул шахслар фаолиятини ҳамда уларнинг ўзаро ҳамкорлигини самарали ташкил этишга хизмат қилмоқда.
Маҳаллада “еттилик” тизимининг жорий этилиши натижасида кредит, субсидия, компенсация, моддий ёрдам ажратиш каби 100 дан зиёд хизматлар маҳалла даражасига туширилди. Бу эса аҳоли муаммоларини жойнинг ўзида ҳал этиш, манзилли ишлаш механизмларини кучайтириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини бевосита фуқароларга яқинлаштириш имконини берди. Ана шу ёндашув натижасида 8,5 миллиондан зиёд одам камбағалликдан чиққани, ишсизлик даражаси эса 2 баробар қисқаргани қайд этилмоқда. Шунингдек, 3,5 минг маҳалла қиёфаси замонавий кўринишга келди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкин, бугунги кунга келиб юртимизда 9 мингдан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда 60 минг нафардан зиёд “маҳалла еттилиги” вакиллари ва масъул ходимлари фаолият олиб бормоқда.
Ўтган йилдан бошлаб маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш ишларига банк тизими кенг жалб этилди. Туман ва шаҳарларда банкларнинг маҳаллабай ишлаш бўлимлари ташкил қилиниб, уларга “маҳалла банкирлари” бириктирилди. Маҳалла институтини янада ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари ва уларга эришиш босқичлари “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам ўз ифодасини топган.
Ушбу ислоҳотлар доирасида маҳаллаларда аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлашнинг мутлақо янги механизмлари жорий этилмоқда. Хусусан, фуқароларнинг маҳаллий қарорлар қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кенгайтириш мақсадида “Маҳаллам – лойиҳам” дастури йўлга қўйилди. Мазкур дастур учун “Рақамли маҳалла” платформасида махсус модуль ва мобиль илова ишга туширилди.
Лойиҳа доирасида, “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)” мақомига эга 33 та ҳудуддаги 1 609 та маҳаллада “маҳалла еттилиги” ва фаоллар иштирокида 1 390 та ташаббус шакллантирилди. Ғолиблар бевосита аҳолининг тўғридан-тўғри овоз бериши орқали аниқланди. Овоз бериш жараёнида қарийб 45 минг нафар фуқаро иштирок этиб, 33 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Ушбу лойиҳалар асосан спорт ва болалар майдончалари қуриш, қуёш батареяли кўча чироқларини ўрнатиш, таълим муассасалари ҳамда кутубхоналарни жиҳозлаш, пиёдалар йўлакчалари ва мини-парклар барпо этишга қаратилган.
Ислоҳотлар натижасида маҳалла аҳоли яшаш жойида давлат хизматлари, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва жамоатчилик бошқарувини уйғунлаштирган кўп функцияли институтга айланди. Маҳалла институтининг халқаро амалиётдаги ўрнини белгилаш учун хорижий қуйи бўғин моделларини уч ёндашув кесимида қиёслаш мақсадга мувофиқ. Жумладан, давлат бошқаруви вертикалига интеграция қилинган модель (Хитой), давлат қўллаб-қувватлайдиган жамоат тармоқлари модели (Сингапур) ва вакилликка асосланган маҳаллий ўзини ўзи бошқариш моделлари (Қозоғистон, Янги Зеландия, Франция). Бу танлов қуйи бўғин институтларининг тузилиши, таркиби, кадрлар тайёрлаш ва фаолиятни баҳолаш тартибини турли бошқарув анъаналарида солиштириш имконини беради.
Хитой Халқ Республикасида аҳоли яшаш жойидаги қуйи бўғиндаги жамоавий ўзини ўзи бошқариш институтлари сифатида шаҳарларда – аҳоли қўмиталари, қишлоқларда эса – қишлоқ аҳолиси қўмиталари фаолият юритади. Ушбу тузилмалар аҳолининг ўзини ўзи бошқариши, ўзини ўзи тарбиялаши ва ўз эҳтиёжларига хизмат қилишига асосланган бошланғич оммавий ўзини ўзи бошқариш ташкилотлари ҳисобланади.
Сингапурда маҳаллий жамоатни бирлаштириш, ҳудудий даражада ишни ташкил этиш ва ички вазифаларни тақсимлашга доир айрим тартиблар 1960 йилги Халқ уюшмаси тўғрисидаги қонун ҳамда “Халқ уюшмаси (Жамоатни ривожлантириш кенгашлари) тўғрисида”ги қоидаларида назарда тутилган.
Халқ уюшмасининг ваколатлари бошқарув кенгаши орқали амалга оширилади. Унинг мақсадлари – аҳолининг ижтимоий, маданий, таълимий ва спорт фаолиятидаги иштирокини рағбатлантириш, кўп миллатли жамоага мансублик туйғусини мустаҳкамлаш ва етакчиликни тарбиялашдир. Шу билан бирга у жамоат марказлари, клублар ва институтларни ҳам бошқаради.
Ўзига хослиги шундаки, вазифалар битта бўғинда жамланмаган. Юқорироқ ҳудудий бўғин сифатида Жамоатни ривожлантириш кенгашлари аҳоли эҳтиёжларини аниқлайди ва давлат, мактаб, жамоат ҳамда хусусий шериклар имкониятларини бирлаштириб, ҳудуд муаммоларини ҳал қилади. Шунинг учун Сингапур модели ҳуқуқий жиҳатдан марказий жамоат институти + маҳалла даражасидаги қуйи тузилмалар + ҳудудий ривожланиш кенгашлари шаклида ишлайди, деб баҳолаш мумкин.
Қозоғистонда эса маҳаллий ўзини ўзи бошқариш соҳасида функция жиҳатидан аҳоли иштирокини таъминлайдиган асосий институт – маҳаллий жамоат ҳамжамияти тизими ҳисобланади. Унинг асосий шакллари маҳаллий ҳамжамият йиғини ва маҳаллий ҳамжамият йиғилиши ҳисобланади. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Қозоғистонда маҳаллий ҳамжамият комиссияси маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этиш учун ажратилган бюджет маблағлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш даромад манбаларидан фойдаланиш юзасидан мониторингни қишлоқ, посёлка, қишлоқ округи ёки туман аҳамиятидаги шаҳар ҳокими аппарати тақдим этган материаллар асосида амалга оширади.
Янги Зеландияда маҳаллий ҳамжамият кенгаши (community boards) маҳаллий ҳокимият тизими доирасида муайян ҳудуд манфаатини ифода этадиган вакиллик органи ҳисобланади. Мазкур давлат тажрибасининг эътиборга лойиқ жиҳати шундаки, маҳаллий ҳамжамият кенгаши қонунчиликда нафақат жамоа манфаатини ифода этадиган орган сифатида, балки ҳудудда кўрсатилаётган маҳаллий хизматлар устидан умумий кузатув олиб бориш, ўз ҳудуди бўйича харажатлар ва бюджетга доир таклифлар киритиш, жамоа учун аҳамиятли масалаларни расман кўриб чиқиш, маҳаллий ташкилотлар ва манфаатдор гуруҳлар билан алоқа қилиш ваколатига эга мустақил вакиллик тузилмаси сифатида ҳам мустаҳкамланган.
Франциянинг Маҳаллий ҳудудий жамоалар умумий кодексига мувофиқ, 80 000 ва ундан ортиқ аҳолига эга коммуналарда муниципал кенгаш коммуна таркибидаги ҳар бир кварталнинг чегарасини белгилайди. Ҳар бир квартал учун квартал кенгаши (conseils de quartier) тузилади. Мазкур кенгашнинг номи, таркиби ва фаолият юритиш тартиби муниципал кенгаш томонидан белгиланади.
Таҳлил шуни кўрсатадики, институционал тузилиши жиҳатидан “маҳалла еттилиги” Хитойдаги жамоа ходимлари тизимига энг яқин модель ҳисобланади. Ҳар икки тизимда ҳам аҳоли муаммолари уйма-уй ўрганилади, ижтимоий ёрдам манзилли кўрсатилади, давлат қарорлари қуйи бўғинда ижро этилади ва ходимлар штатли асосда фаолият юритади.
Сингапур, Янги Зеландия ва Франция моделларида қуйи бўғин тузилмалари асосан сайланадиган ёки жамоатчилик тавсиясига кўра, шаклланадиган коллегиал органлардир ва уларнинг таркибида соҳалар бўйича мажбурий вакиллик назарда тутилмаган. Шу билан бирга, кўриб чиқилган моделлар учта умумий хусусиятга эга. Биринчиси, қуйи бўғин кадрлари махсус ўқув тизими орқали тайёрланади (Хитой, Сингапур). Иккинчиси, маҳаллий маблағлар сарфи устидан ҳисобдорлик юритилади (Қозоғистон). Учинчиси, аҳоли ўз ҳудудига оид масалалар бўйича таклиф киритиш ва бюджетга таъсир кўрсатиш ҳуқуқига эга (Янги Зеландия).
Хорижий тажрибадаги ушбу умумий хусусиятлар маҳалла тизимини ривожлантиришга доир миллий ҳужжатларимизда ўз аксини топган.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида маҳаллани ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, у 74-мақсад сифатида мустақил устувор вазифа тарзида белгиланган. Унга кўра маҳалла аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва ҳудудлардаги кундалик масалаларни ҳал этишда жамоатчилик билан давлат органлари ўртасидаги “таянч кўприк”ка айлантирилади.
Энг муҳими, бу ишлар натижасида маҳалла одамлар учун ўзлари иштирок этадиган ва ўзгаришни сезадиган маконга айланади.
Инобат ҲАКИМОВА,
“Тараққиёт стратегияси”
маркази бош мутахассиси.
ЎзА