Шинжонда шўрланган ерда гектаридан 13 тоннадан ортиқ шоли ҳосили олинди
Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районида шўрланиш ва қурғоқчиликка чидамли шоли навидан юқори ҳосил олинди. Синов натижалари мураккаб тупроқ шароитида ҳам ҳосилдорликни ошириш имкониятлари мавжудлигини кўрсатди. Бу тажриба сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва унумдорлиги паст ерларни қишлоқ хўжалигига самарали жалб этиш нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятлидир.
Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони жанубидаги Қашғар шаҳрида ўтказилган синовларда “Хайдао-11” шоли навининг ҳосилдорлиги гектарига 13,03 тоннани ташкил этди. Манбада қайд этилишича, бу кўрсаткич минтақа учун янги рекорд ҳисобланади.
Мазкур натижа тажриба майдонида ҳосилдорликни аниқлаш бўйича ўтказилган баҳолашдан сўнг эълон қилинди. Мутахассислар майдон ҳажмини ўлчаб, ҳосилни йиғиб олди, янчди ва қуритди. Кейин доннинг вазни ҳамда намлик даражасини аниқлаш орқали ҳосилдорлик кўрсаткичини ҳисоблади.

“Хайдао-11” – кўп йиллик селекция ишлари натижасида яратилган янги шоли нави. У тупроқ шўрланиши ва қурғоқчиликка чидамлилиги, касалликларга бардошлилиги ҳамда дон сифати билан ажралиб туради. Мутахассислар ушбу навни Шинжон жанубидаги ўртача ва кучли шўрланган ерларда етиштириш учун истиқболли деб баҳоламоқда.
Навнинг яна бир муҳим хусусияти анъанавий маҳаллий шоли навларига нисбатан суғориш меъёрини 10-15 фоизга камайтириш имкониятидир.

Қашғар ҳудуди катта ер ресурсларига эга бўлса-да, тупроқ шўрланиши қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишга узоқ вақт давомида тўсқинлик қилиб келган. Янги нав билан ўтказилган синовлар мураккаб тупроқ шароитида ҳам юқори ҳосил олиш мумкинлигини кўрсатди.

Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги ерларининг унумдорлигини ошириш масалалари долзарб бўлган Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳам бундай тажриба амалий аҳамиятга эга. Шўрланиш ва қурғоқчиликка чидамли экин навларини жорий этиш сув сарфини камайтириш, унумдорлиги паст ерлардан самарали фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги барқарорлигини таъминлашга хизмат қилиши мумкин.
Нилуфар Бозорова, ЎзА