Ливанлик журналист ҳалок бўлди
Ливан жанубида Исроил авиазарбаси оқибатида таниқли журналист ҳаётдан кўз юмди. Мамлакат Бош вазири воқеани халқаро ҳуқуқни бузувчи "ҳарбий жиноят" сифатида қораламоқда.
“Reuters” агентлиги хабар беришича, Ал-Тири аҳоли манзилида Исроил ҳарбий ҳаво кучлари томонидан берилган ҳаво зарбаси натижасида мухбир Амал Халил вафот этди. Воқеа гувоҳлари айтишича, дастлаб журналист ихтиёридаги автомобиль портлатиб юборилган. Сўнгра у бошпана топган бинога бир неча ракета зарбаси берилган. Узоқ давом этган қидирув ишларидан сўнг, қутқарувчилар вайрона остидан марҳумнинг жасадини чиқариб олишган.
“Al-Akhbar” газетасида фаолият юритган Амал Халил билан бирга бўлган сураткаш Зайнаб Фарож ҳам оғир тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Ливан ҳукумати раҳбари Навоф Салом фожиани кескин қоралаб, журналистлар мақсадли равишда нишонга олиниши ва қутқарув ишларига тўсқинлик қилинишини халқаро ҳуқуқ меъёрига зид мудҳиш ҳаракат эканини таъкидлаган. Мазкур ҳодиса халқаро ҳамжамият орасида ҳам кенг муҳокамага сабаб бўлди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА