Латвия билан ҳамкорликда кооперативлар ривожлантирилади (+видео)
Кооперация - инсонларнинг фойдани кўзлаб, ихтиёрий бирлашуви ҳисобланади. Тошкент вилоятида қишлоқ хўжалигида бундай хўжаликлар тез кўпаймоқда. Сабаби кооперация аъзоларига ушбу амалиёт жуда қулай. Бу борада латвиялик мутахассислар ҳам жалб этилиб, бир қатор лойиҳалар амалиётга татбиқ этилмоқда.
Ўрта Чирчиқ тумани “Роватак” маҳалласида яшовчи “Уста деҳқон” Баҳодир Саидамиров томонидан 10 сотихлик томорқасида лимончиликни ташкил этиб, ўртача 100 млн сўм даромад олмоқда. “Термос усули”да иситиладиган иссиқхонада 102 туп лимон, мандарин кўчатларини ўтқазиб, 5.5 тоннагача маҳсулот оляпти. Бироқ унинг 65 тонна лимонга буюртмаси бор. Маҳалла аҳолиси кооперацияга бирлашиб, томорқаларида “бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида лимончиликни йўлга қўйдилар. Тадбиркор ўз хонадонида катта сиғимга эга музлаткич ташкил қилди. Маҳалланинг 100 хонадони доимий даромад манбаига эга бўлди. Бундан ташқари, жорий йилда ижарага ажратилган яна 60 сотих ер майдонида иссиқхона қуриб, 800 туп лимон кўчатларини ўтқазди. Ўртача 600 млн сўм даромад олишни мўлжалламоқда.
“Дўстлик” маҳалласидан “Лидер тадбиркор” Рустам Миванчимов бошчилигида кичик ер эгаларидан иборат жамоа 23 гектар бўш турган ерда биринчи экин сифатида пиёз экди. Кейин эса иккинчи экинга бодринг уруғини қадади. Кимдир ўғитига, яна кимдир суғориш ишларига қаради, агротехник тадбирларига, дорилашга ҳам масъул белгиланди. Хуллас, кооперативнинг 26 аъзосининг ҳар бирида бир вазифа бор. Етиштирилган маҳсулотларини тайёр ва консерваланган холда сотиб, тенг фойда олдилар. Хўжаликнинг ҳар бир аъзоси бундан мамнун. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларининг иқтисодий салоҳияти ва самарадорлигини мустаҳкамлаш” лойиҳасини татбиқ қилмоқда. Бунинг учун Тошкент, Самарқанд ва Андижон вилоятларида 3 та кооператив ташкил қилинади ва уларни қўллаб-қувватлашга 100 минг евро маблағ йўналтирилади.
- Аввало, лойиҳамиз Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда, - дейди Кооперативларни ривожлантириш бўйича етакчи халқаро эксперт Лиана Фильдман. – У Ўзбекистондаги ўрта ва кичик фермерларнинг салоҳиятини оширишга қаратилган. Латвиядан икки йирик муассаса бу ишларни ривожлантиришга бел боғлаган. Бири Латвия Республикаси Марказий молия ва шартномалар агентлиги ва иккинчиси Латвия қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш маркази. Ҳозирда вилоятларда бўлиб, мавжуд вазият ўрганиб чиқилди. Бунинг натижасида учта вилоят танланди. Лойиҳадан кўзланган мақсад хўжаликларнинг билимини юксалтириш ва уларга халқаро бозорларга чиқишлари учун кўмаклашишдан иборат. Биз Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда бу вазифаларни амалга ошириб келмоқдамиз. Лойиҳалар ғолиблари аниқ бўлса, уларга маблағ ажратилади ва намунали хўжалик ташкил қилинади. Бундан ташқари уларга доимий маслаҳат бериб борилади, малакавий ёрдам ҳам узлуксиз бутун давр мобайнида маҳаллий ва латвиялик мутахассис-экспертлар томонидан кўрсатилади.
8–11 июль кунлари Тошкент вилоятининг учта туманида ўқув-амалий машғулотлар ва ахборот-тушунтириш учрашувлари ўтказилди. Латвия Республикаси марказий молия ва шартномалар агентлиги (CFCA) ва Латвия қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш маркази (LLKC) томонидан томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларини ўқитиш, кооперативларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш учун семинарлар ташкил этилди. Мақсад томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларининг даромадларини ошириш, қишлоқ жойларда бандлик имкониятларини кенгайтириш, кооперацияни ривожлантириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашдан иборатдир.
Семинарларда деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари, фермерлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчилар, кооператив раҳбарлари, ҳоким ёрдамчилари ҳамда соҳага масъул ташкилот вакиллари иштирок этди. Мазкур тадбирларда кооперациянинг ҳуқуқий асослари, маҳсулот етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш, экспорт бозорларига чиқиш, умумий ресурслардан самарали фойдаланиш ва ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш масалалари муҳокама қилиниб, иштирокчиларга амалий тавсиялар берилди.
Мазкур семинарлар орқали ҳудудларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг эҳтиёжлари ўрганилиб, кооперацияни янада ривожлантириш, кичик ишлаб чиқарувчиларнинг бозорга чиқиш имкониятларини кенгайтириш, қўшилган қиймат занжирини шакллантириш ва аҳолининг барқарор даромад манбаларини яратишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/J3QhZDF-uNY" title="Latviya bilan hamkorlikda kooperativlar rivojlantiriladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА