“Раҳбар аёллар” дастурининг 2026-йилги мавсуми бошланди
Ўзбекистонда истиқболли ва юқори салоҳиятга эга хотин-қизларни раҳбарлик фаолиятига тайёрлашга қаратилган “Раҳбар аёллар” таълим дастурининг 2026-йилги мавсумига старт берилди.
Дастур Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–87 ва ПФ–78-сон фармонлари ижроси доирасида амалга оширилиб, хотин-қизларнинг замонавий бошқарув кўникмаларини ривожлантириш, уларни давлат хизматига тайёрлаш ҳамда профессионал салоҳиятини оширишни мақсад қилган.

Маълум қилинишича, жорий йилда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тавсия этилган 250 нафардан ортиқ номзод орасидан саралашнинг барча босқичларидан муваффақиятли ўтган 50 нафар энг салоҳиятли хотин-қиз дастур тингловчиси сифатида танлаб олинган.

Таълим жараёнида иштирокчилар Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида замонавий бошқарув йўналишлари бўйича таҳсил олади.

Шунингдек, улар вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида амалий стажировка ўтаб, хорижий тажрибани ўрганиш имкониятига эга бўлади. Дастур якунида иштирокчилар ўз лойиҳа ишларини ҳимоя қилади. Тадбир давомида “Раҳбар аёллар” дастурининг аввалги йиллардаги натижалари тақдим этилди, битирувчилар ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Шунингдек, “Асрлар кўзгусида аёл раҳбарлар сиймоси”, “Даврлар кўзгусида раҳбар аёл имижи” ва “Инновацион ғоялар соҳибалари” мавзуларидаги кўргазмалар намойиш этилди.

Таъкидланишича, “Раҳбар аёллар” дастури давлат бошқаруви тизими учун замонавий билим, стратегик фикрлаш ва етакчилик қобилият га эга малакали аёл раҳбарлар захирасини шакллантиришга хизмат қилади.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА