Куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан жамоатчилик сўровлари юборилди
Совуқ кунларда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини электр энергияси, табиий газ ҳамда бошқа ёқилғи ресурслари билан узлуксиз таъминлаш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Бу борада энергетика тармоқлари, муҳандислик-коммуникация тизимлари ва кўп квартирали уй-жой фондининг мавсумга шайлигини олдиндан баҳолаш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш чораларини кўриш алоҳида аҳамият касб этади.
Шу мақсадда Ўзбекистон истеъмолчилар федерацияси томонидан жамоатчилик назорати тартибида иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва энергетика объектлари, шунингдек, кўп квартирали уй-жой фондининг 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумида барқарор ишлашга тайёргарлигини ўрганиш юзасидан тегишли ташкилотларга жамоатчилик сўровлари юборилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шунингдек, туман ва шаҳар ҳокимликларидан мавсумга тайёргарлик ҳолати бўйича маълумотлар сўралди.
Сўровларда янги энергетика қувватларини ишга тушириш ва электр энергияси ишлаб чиқариш режалари, электр ва газ тармоқлари ҳамда энергетика объектларини таъмирлаш ишлари, кўмир ва мазут захираларини шакллантириш, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини ёқилғи билан таъминлаш масалалари қамраб олинган.
Шунингдек, чекка ҳудудларда энергия таъминотининг ҳолати, ҳисоблагичлар ва автоматлаштирилган тизимларнинг ишлаши, авария-диспетчерлик хизматларининг мавсумга тайёрлиги бўйича ҳам тегишли маълумотлар сўралган.
Жамоатчилик сўровлари орқали масъул ташкилотлардан белгиланган режалар ва амалдаги кўрсаткичлар, бажарилган ишлар ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида ахборот тақдим этиш сўралди.
Тақдим этилган маълумотлар таҳлил қилиниб, куз-қиш мавсумига тайёргарликнинг ҳақиқий ҳолати, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан жамоатчиликка ахборот берилиши назарда тутилган.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА