Куз-қиш мавсумига тайёргарлик учун ажратилган 90 миллиард сўмга қандай ишлар бажарилди?
Барчага маълум, қишнинг қировли кунларида иссиқлик таъминоти тизимига тушадиган юклама ҳам ортади. Хонадонлар, ижтимоий соҳа объектлари ва ташкилотларда иссиқликнинг узлуксиз бўлиши эса бугундан кўрилаётган тайёргарлик ишларининг сифатига боғлиқ. Шу боис куз-қиш мавсуми олдидан қозонхоналарни таъмирлаш, иссиқлик тармоқларини янгилаш, эскирган ускуналарни тиклаш ва авариявий ҳолатлар учун зарур захираларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
"Иссиқликтаъминоти" акциядорлик жамиятининг маълум қилишича, 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида ҳудудларда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Режага киритилган ўнлаб қозонлар ва юзлаб километр иссиқлик тармоқларининг техник ҳолати қайта кўриб чиқилиб, уларни таъмирлаш чоралари кўрилмоқда. Зеро, қиш мавсумини беталафот ўтказишнинг энг муҳим шарти — совуқ кунлар келгунга қадар тизимдаги ҳар бир бўғинни ишончли ҳолатга келтиришдир.
Вилоятларда иссиқлик таъминоти тизимини куз-қиш даврида барқарор ишлатиш учун Республика бюджетидан 90 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан 41 та қозон, 25,7 километр иссиқлик тармоғи ва 91 та ёрдамчи ускунани мукаммал таъмирлаш режалаштирилган.
Бундан ташқари, иссиқлик таъминоти корхоналарининг ўз маблағлари ҳисобидан 77 та қозон ва 42,4 километр иссиқлик тармоғини жорий таъмирлаш белгиланган. Бу рақамлар иссиқлик инфратузилмасининг техник ҳолатини яхшилаш, мавсум давомида узилишлар ва авариявий ҳолатлар хавфини камайтиришга қаратилган ишлар кўлами анча кенг эканини кўрсатади.

Айни пайтда жорий таъмирлаш ишларида сезиларли натижаларга эришилган. Хусусан, режалаштирилган 77 та қозоннинг 65 таси, яъни 84,4 фоизи, шунингдек, 42,4 километр иссиқлик тармоғининг 32,2 километри, яъни 75,9 фоизи таъмирланган. Мукаммал таъмирлаш ишлари бўйича эса ҳудудий иссиқлик таъминоти корхоналари томонидан махсус ҳисоб рақамлари очилиб, белгиланган маблағлар тўлиқ молиялаштирилган. Ҳозирда объектларда ишларни бошлаш учун лойиҳа-смета ҳужжатларини шакллантириш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобидан 5,1 километр иссиқлик тармоғи ва 30 та ёрдамчи ускуна мукаммал таъмирланган.

Куз-қиш мавсумига тайёргарликнинг муҳим қисми Тошкент шаҳрида амалга оширилмоқда. Пойтахтда 37 та қозон ва 86,6 километр иссиқлик тармоғини мукаммал таъмирлаш, шунингдек, 542 та қозон ҳамда 441,5 километр иссиқлик тармоғини жорий таъмирлаш режалаштирилган. Бугунги кунга келиб, 31 та қозон, яъни режанинг 84 фоизи, ҳамда 52,4 километр иссиқлик тармоғи ёки 60 фоизи мукаммал таъмирланган. Жорий таъмирлаш ишларида эса режа тўлиқ бажарилган. 542 та қозон ва 441,5 километр иссиқлик тармоғидаги таъмирлаш ишлари 100 фоизга якунланган.

Бу кўрсаткичлар пойтахтда иссиқлик таъминоти объектларининг мавсумга тайёргарлиги бўйича асосий эътибор техник жиҳатдан энг муҳим объектларни ишончли ҳолатга келтиришга қаратилганини кўрсатади. Куз-қиш мавсумида иссиқлик таъминотида барқарорликни таъминлаш фақат таъмирлаш билан чекланмайди. Қишнинг совуқ кунларида авариявий ҳолатлар ёки техник носозликлар юзага келиши эҳтимолини ҳисобга олиб, зарур эҳтиёт қисмлар ва ускуналар захирасини шакллантириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда 18,6 километр иссиқлик тармоғи, 874 та задвижка, 4 860 килограмм электрод ва 83 та дизель генератор захирасини яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилган.
Бу, айниқса, қишнинг энг совуқ даврида тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни тезкор бартараф этиш имконини беради. Умуман, 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида амалга оширилаётган ишлардан кўриниб турибдики, асосий вазифа нафақат иссиқлик объектларини таъмирлаш, балки бутун тизимнинг мавсум давомида узлуксиз ва ишончли ишлашини таъминлашдан иборат.
Айни пайтда жорий таъмирлаш ишларининг асосий қисми бажарилган бўлса-да, мукаммал таъмирлаш бўйича қолган ишларни белгиланган муддатларда сифатли якунлаш муҳим. Чунки иссиқлик таъминотида тайёргарликнинг ҳақиқий самараси таъмирлаш ишлари ҳажми билан эмас, балки қиш мавсумида истеъмолчиларга иссиқликнинг узлуксиз етказиб берилиши билан баҳоланади. Шу боис мавсум бошлангунга қадар қолган ишлар, айниқса, мукаммал таъмирлаш, лойиҳа-смета ҳужжатларини расмийлаштириш ва зарур захираларни шакллантиришни якунига етказиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА