Кичик цехдан йирик корхона сари
ФОТОРЕПОРТАЖ
Навоий вилояти Қизилтепа туманида тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида муайян тажриба шаклланган.
Туманда бизнес юритиш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорлик субъектларига зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда соҳага оид қонун ҳужжатларининг жойларда самарали ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ванғози маҳалласида фаолият юритаётган “Афсонавий Ванғози” масъулияти чекланган жамияти мисолида бунинг амалий натижаларини кўриш мумкин. Корхона ҳузуридаги “Фарзод” пишириқ тайёрлаш цехи 2018 йилда 5 нафар ходим билан иш бошлаган бўлса, бугунги кунда 60 нафар кишининг бандлигини таъминламоқда.
[gallery-31301]
— Турмуш ўртоғим ва синглимнинг пишириқ тайёрлаш бўйича тажрибаси бу йўналишда тадбиркорлик фаолиятини бошлашимга туртки бўлди, - дейди МЧЖ раҳбари Фаёз Тўраев. — Улар пишириқ тайёрлашга қизиққан хотин-қизларни жалб этиб, бу касб сирларини ўргатишди. Дастлаб кичик цех очиб, кам сонли жамоа билан иш бошладик. Имтиёзли кредитлардан фойдаланиб, зарур ускуналарни харид қилдик.
Айни пайтда цехда меҳнат қилаётган 60 нафар ишчининг 10 нафари эркаклардан иборат. Улар қадоқлаш, маҳсулотларни сотиш ҳамда буюртмаларни етказиб бериш ишларига жалб қилинган.
Цехда 100 турдан ортиқ пишириқ маҳсулотлари тайёрланади. Иссиқ мавсумда бир кунда 600–700 килограммгача, қиш фаслида эса 2 тоннагача маҳсулот ишлаб чиқарилади. Тайёр маҳсулотларни сифатли сақлаш учун зарур шароитлар яратилган.
— Келгусида пишириқ ҳамда колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириб, экспортни йўлга қўйишни режалаштирганмиз. Келаси йил Айрончи маҳалласида гўшт ва сутни қайта ишлаш, шунингдек, пишириқ маҳсулотлари тайёрлашга ихтисослашган йирик завод қуриш ниятимиз бор. Бу орқали ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш имкониятига эга бўламиз, - дейди Ф. Тўраев.
Бугун кичик цехдан бошланган фаолиятнинг изчил кенгайиб бораётгани янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва маҳаллада тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА