Кунвар Жунежа: Ўзбекистоннинг очиқ иқтисодий сиёсати халқаро инвесторлар ишончини мустаҳкамламоқда
Жорий йилда ўтказилаётган V-Тошкент халқаро инвестиция форуми дунёнинг турли мамлакатларидан инвесторлар, йирик компаниялар ва бизнес вакилларини бир майдонда жамлаб, Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ҳамда янги ҳамкорлик имкониятларини намоён этувчи муҳим халқаро платформалардан бирига айланмоқда.
Таъкидланишича, форумда иштирок этиш учун дунёнинг 100 мамлакатидан 3 минг 423 нафар хорижий делегат Тошкентга ташриф буюрган. Жами иштирокчилар сони эса 8 минг 316 нафардан ошиб, форум тарихида мутлақ рекорд қайд этилди. Уч кун давомида Ўзбекистон пойтахти глобал капитал, халқаро бизнес ва йирик инвестиция қарорлари қабул қилинадиган марказга айланади.
Мазкур нуфузли анжуман хорижий ишбилармон доиралар вакилларининг Ўзбекистон бозорига бўлган қизиқишини янада оширмоқда.
ЎзА мухбири мазкур анжуманнинг аҳамияти ва ўлкамизда яратилаётган инвестиция имкониятлари ҳақида Ҳиндистоннинг “Twisting Scoops” компанияси раҳбари Кунвар Жунежа фикрларини ёзиб олди.

– V-Тошкент халқаро инвестиция форуми Марказий Осиёдаги иқтисодий ҳамкорлик ва инвестиция алоқаларини янада мустаҳкамлаш учун муҳим майдон ҳисобланади. Биз Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш сиёсати ва хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шароитларни катта қизиқиш билан кузатмоқдамиз.
Айниқса, Ўзбекистоннинг стратегик жойлашуви, ёш ва фаол истеъмолчилар бозори ҳамда туризм салоҳияти мамлакатни инвестициялар учун жозибадор йўналишга айлантирмоқда. Ишонаманки, мазкур форум Ўзбекистон ва Ҳиндистон бизнес доиралари ўртасидаги шериклик муносабатларини янги босқичга олиб чиқади.
Маълумки, бугунги кунда озиқ-овқат ва фудтех соҳаларида инновациялар, янги истеъмол маданияти ҳамда халқаро брендларга бўлган қизиқиш жадал суръатларда ўсиб бормоқда. Биз ҳам ўз фаолиятимизда маҳсулот сифати ва замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини устувор йўналиш сифатида белгилаганмиз. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон бозори биз учун катта истиқболга эга.
Ўйлайманки, бундай мулоқотлар нафақат янги бизнес лойиҳаларини йўлга қўйиш, балки икки давлат тадбиркорлари ўртасида тажриба алмашиш ва узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.
Ўзбекистон иқтисодиётининг очиқлик ва модернизация йўлидан изчил бораётгани халқаро инвесторлар ишончини мустаҳкамламоқда. Биз ҳам келгусида мамлакатдаги истиқболли лойиҳаларда иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқишдан манфаатдормиз.
Ў.Алимов, ЎзА