Ўзбекистон – Озарбайжон: муштарак тарихга таянган ҳамкорлик янги йўналишлар билан бойимоқда
Тарих ва тақдир муштараклиги, тил ва маданий яқинлик, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатлари бугун икки давлатнинг анъанавий дўстлик алоқаларидан анча кенгроқ мазмун касб этмоқда. Сўнгги йилларда сиёсий мулоқотнинг юксак даражага кўтарилиши, иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг кенгайиши, транспорт-коммуникация ва энергетика соҳаларида янги лойиҳаларнинг илгари сурилиши икки мамлакат муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди. Бугунга қадар икки давлат ўртасидаги алоқалар барча соҳаларда изчил ривожланиб, мамлакатларимиз энг муҳим масалаларда доимо бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Ахборот ҳамкоримиз – АзерТАЖ ёзишича, икки қардош ўлка ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш стратегиясини шакллантиришда Озарбайжон етакчиси Ҳайдар Алиевнинг хизматлари беқиёс бўлган. Унинг 1997 йил 18–19 июнь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи ҳамкорликнинг келгуси истиқболларини белгилашда муҳим аҳамият касб этди. Ташриф давомида икки томонлама муносабатларнинг ҳуқуқий асосини ташкил этувчи қатор муҳим ҳужжатлар имзоланган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатлари давлатлараро алоқаларнинг энг жадал ривожланаётган йўналишларидан бирига айланди. Стратегик шериклик босқичидан иттифоқчилик даражасига кўтарилган муносабатларда Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Илҳом Алиев ўртасида шаклланган юксак сиёсий ишонч, мунтазам ўзаро ташрифлар ҳамда эришилган келишувлар муҳим ўрин тутмоқда. Эътиборлиси, сўнгги беш йилда Президент Илҳом Алиев Ўзбекистонга 2 марта давлат ташрифи ва 4 марта амалий ташриф билан келган бўлса, Президент Шавкат Мирзиёев мазкур даврда Озарбайжонга 2 марта давлат ташрифи ва 7 марта амалий ташрифни амалга оширган.
Ушбу ташрифлар доирасида 2024 йил 23 август куни Тошкентда “Озарбайжон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Шартнома”нинг имзоланиши икки томонлама муносабатларда сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб берди. Шу куни Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши ўтказилгани ҳам янги иттифоқчилик форматининг институционал асосларини янада мустаҳкамлади.
Кейинги босқичда сиёсий яқинлик иқтисодиёт, транспорт-коммуникация, энергетика ва гуманитар лойиҳаларни ҳам қамраб олди. Озарбайжоннинг 2025 йил ноябрь ойида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида “C5” форматига тўла ҳуқуқли иштирокчи сифатида қабул қилиниши эса Тошкент – Боку муносабатлари янада кенг минтақавий аҳамият касб этаётганини кўрсатди.
Президент Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга навбатдаги давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва барча соҳаларда ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш нуқтаи назаридан тарихий аҳамият касб этади.

Ташриф доирасида томонлар Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома ҳамда Олий давлатлараро кенгаш учинчи йиғилишининг қарорини имзоладилар. Хусусан, давлат раҳбарлари ҳузурида Пенсия таъминоти соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим, Маданият соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим, Туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим, 2030 йилга қадар товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш бўйича дастур, Инвестициялар ва савдо соҳасида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича амалий ҳаракатлар режаси, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2027-2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Адлия вазирликлари ўртасида 2027-2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Кинология соҳасида тажриба алмашиш ва ҳамкорлик тўғрисида меморандум, Урганч ва Хонкенди, Бухоро ва Лочин, Урганч ва Нахчивон шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги баённомалар имзоланди.
Президент Шавкат Мирзиёев Абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши бугунги саммитнинг энг муҳим натижаси бўлганини қайд этди. Ўзбекистон етакчиси таъкидлаганидек, мазкур ҳужжат ҳамкорликни чуқурлаштириш, бу борада мавжуд имкониятларни кенгайтириш ҳамда муштарак келажакни барпо этишга бўлган биргаликдаги интилишнинг ифодасидир.
Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги сиёсий кўприк
Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатларининг стратегик аҳамиятини фақат икки томонлама алоқалар доирасида баҳолаш етарли эмас. Сўнгги йилларда Озарбайжон билан Марказий Осиё давлатлари ўртасида сиёсий, иқтисодий ва транспорт алоқаларининг кенгайиши ушбу минтақалар ўртасида ҳамкорликнинг янги модели шаклланишига олиб келди.
Бунинг энг муҳим кўрсаткичларидан бири Озарбайжоннинг 2025 йил 16 ноябрь куни Тошкентда ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида “C5” форматига тўла ҳуқуқли иштирокчи сифатида қабул қилинганидир. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжоннинг ушбу форматга қўшилишини тарихий қарор деб атаб, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида янада мустаҳкам кўприк барпо этилиши ҳамда ягона ҳамкорлик маконини шакллантириш учун янги имкониятлар пайдо бўлишини таъкидлади.
Президент Илҳом Алиев қайд этганидек, Озарбайжон ва Марказий Осиё давлатлари тобора ортиб бораётган стратегик аҳамиятга эга ягона тарихий, маданий, географик ва геосиёсий маконни шакллантирмоқда.
Туркий дунёдаги муштарак йўналиш
Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг яқинлашувини Туркий давлатлар ташкилотининг ривожланишидан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Икки мамлакат ҳам Туркий дунёнинг сиёсий, иқтисодий ва гуманитар интеграциясида фаол иштирок этмоқда.
2025 йил октябрь ойида Габала шаҳрида бўлиб ўтган ТДТ давлат раҳбарлари кенгашининг 12-саммитида Президент Илҳом Алиев ташкилот энди шунчаки ҳамкорлик платформаси эмас, балки жиддий геосиёсий марказлардан бири сифатида шаклланганини таъкидлади.
Бу жараёнда Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг мавқеи айниқса муҳим. Озарбайжон Каспий денгизи ва Жанубий Кавказ йўналишида, Ўзбекистон эса Марказий Осиёнинг марказида муҳим таянч нуқталар ҳисобланади. Икки мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий яқинлашуви ушбу географик ҳудудларни янада яқинроқ боғламоқда.
Ўрта йўлак ва янги геоиқтисодий имкониятлар
Икки қардош ўлка муносабатларининг салоҳиятини белгилаб берувчи асосий йўналишлардан бири транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликдир. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг “юрагида” жойлашгани, Озарбайжон эса Каспий денгизининг ғарбий соҳилида муҳим транспорт тугунига айланаётгани икки мамлакат имкониятларини бир-бирини тўлдирувчи стратегик ресурсга айлантиради.
Шу нуқтаи назардан, Ўрта йўлак икки давлатнинг географик жойлашувини ягона минтақавий устунликка айлантирадиган асосий платформалардан биридир. Мазкур йўналиш Марказий Осиёнинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини Каспий денгизи орқали Жанубий Кавказ, Туркия ва Европа бозорлари билан боғлайди.
Озарбайжоннинг халқаро денгиз порти, темир ва автомобиль йўллари, аэропортлари, денгиз кемачилиги ҳамда логистика инфратузилмасини Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳияти билан бирлаштириш мазкур йўналишнинг иқтисодий самарадорлигини янада оширади. Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлини ривожлантириш ҳам бу борада янги имкониятлар яратмоқда.
Шу билан бирга, 2022 йилда имзоланган “Озарбайжон Республикаси Ҳукумати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида халқаро автомобиль ташувлари тўғрисида”ги Битим икки давлат ўртасида автомобиль ташувларини ривожлантиришни янада жадаллаштирди.
Иқтисодий ҳамкорлик: савдодан кооперацияга
Мамлакатларимиз иқтисодий алоқалари саноат кооперацияси ва инвестициявий ҳамкорлик йўналишларида ҳам кенгаймоқда. Томонлар ўзаро савдо айланмаси ва инвестициялар ҳажмини ошириш, қўшма лойиҳаларни амалга оширишни устувор йўналишлардан бири сифатида белгилаган.
Инвестициявий ҳамкорликнинг муҳим механизмларидан бири – Озарбайжон–Ўзбекистон Инвестиция компанияси. 2023 йилда ташкил этилган компаниянинг устав капитали 500 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Саноат кооперациясининг муваффақиятли мисолларидан бири автомобиль ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорликдир. Ҳожиқобул саноат паркида Озарбайжон ва Ўзбекистон компаниялари ҳамкорлиги доирасида 10 минг 720 та «Chevrolet» русумли автомобиль ишлаб чиқарилди. Бундан ташқари, «Azərmaş Park» МЧЖ ва Ўзбекистоннинг «SamAvto» компанияси ҳамкорлиги доирасида 275 та «ISUZU» русумли автобус ишлаб чиқарилди.
Энергетикадан “яшил” энергия йўлаги сари
Ўзбекистон – Озарбайжон ҳамкорлигининг истиқболли йўналишларидан бири энергетика соҳасидир. Мамлакатларимиз ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорлик муваффақиятли ривожланмоқда. Ўзбекистоннинг «OZLITINEFTGAZ» институти ва Озарбайжоннинг «SOCAR NIPI Nefteqaz» негизида ташкил этилган «Neftegaztexnologiya» қўшма корхонаси 2016 йилдан буён нефть-газ саноатида муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда.
Транзит ташувлар ҳажми ҳам сезиларли даражада кенгайди. 2025 йилда Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида транзит ташувлар ҳажми 1,4 миллион тоннани ташкил этди.
Бугунги кунда муносабатлар анъанавий нефть-газ ҳамкорлигидан қайта тикланувчи энергетика ва минтақавий энергетика тизимларини интеграциялаштириш сари ривожланмоқда.
2024 йил 13 ноябрь куни COP29 доирасида Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида “яшил” энергетикани ривожлантириш ва узатиш соҳасида стратегик шериклик тўғрисида Битим имзоланди. Ушбу ташаббус Марказий Осиёда ишлаб чиқариладиган қайта тикланувчи энергияни Каспий ва Қора денгиз йўналиши орқали Европа томон узатиш учун янги имкониятлар яратади.
Бу ерда гап фақат электр энергиясини узатиш ҳақида бораётгани йўқ. Марказий Осиёнинг улкан қайта тикланувчи энергетика салоҳиятини Озарбайжон ҳудуди орқали Ғарб бозорларига олиб чиқиш минтақаларнинг «яшил» трансформациясини жадаллаштириши, энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаши ва янги геоиқтисодий боғлиқликларни вужудга келтириши мумкин.
Анъанавий энергетика соҳасида эса «Uzbekneftegaz» ва Озарбайжоннинг “SOCAR” компанияси ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш икки мамлакат энергетика компаниялари ўртасидаги шерикликни янги йўналишларга олиб чиқиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.
Тарихий-маданий яқинлик
Республикаларимиз ўртасида маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ҳам муваффақиятли ривожланмоқда. Муносабатларнинг чуқур илдизлари муштарак туркий маданий мерос, тил ва маънавий қадриятлар, адабиёт ҳамда санъат анъаналарига бориб тақалади.
Ипак йўли бўйида жойлашган Боку ва Самарқанд шаҳарлари асрлар давомида савдо, илм-фан ва маданий алмашинувнинг муҳим марказлари бўлиб келган. Низомий Ганжавийнинг жаҳон адабиёти дурдоналаридан бири ҳисобланган «Хамса»си ва унинг анъаналарини давом эттириб яратилган Алишер Навоийнинг «Хамса»си Озарбайжон ва Ўзбекистон халқлари муштарак адабий-маданий ришталарининг ёрқин намунасидир.
Тарихий яқинлик излари моддий маданият намуналарида ҳам сақланиб қолган. Озарбайжон мутафаккири Юсуф ибн Муҳаммаджон Қорабоғийнинг Самарқандда яшаб, илмий фаолият юритгани, Бокуда XV асрга оид Бухоро карвонсаройининг мавжудлиги икки географик ҳудуд ўртасида асрлар давомида давом этган алоқаларнинг аниқ мисолларидир.
Мустақиллик даврида ушбу тарихий-маданий замин сиёсий мазмун касб этди. Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар 1995 йилда ўрнатилган бўлса, 2004 йилда Стратегик шериклик тўғрисидаги Декларациянинг имзоланиши муносабатларнинг янги босқичига йўл очди.
2023 ва 2025 йилларда Озарбайжонда Ўзбекистон Маданияти кунлари, 2024 йилда эса Ўзбекистоннинг Фан ва маданият кунлари ўтказилди. 2024 йилда Ўзбекистонда Озарбайжон Маданияти кунлари, шунингдек, Хива шаҳрида «Шуша кунлари» ташкил этилди.
Қувонарли жиҳати, жорий йил 23 август куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентларини икки мамлакатнинг олий давлат мукофотлари билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевга Ўзбекистон Республикасининг олий давлат мукофоти – “Олий Даражали Дўстлик” ордени топширилди.
Давлатимиз раҳбари нуфузли мукофотни топширар экан, ушбу қарор Озарбайжон Президентининг қардош мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашдаги хизматларига нисбатан Ўзбекистон халқининг самимий ҳурмати ва эътирофининг ифодаси эканини таъкидлади.

– Сиз улуғ отангиз – атоқли давлат арбоби Ҳайдар Алиевнинг ишини муносиб давом эттирмоқдасиз. Сизнинг раҳбарлигингиздаги оқилона ислоҳотлар туфайли Озарбайжон тараққиёт борасида ва халқаро майдонда улкан ютуқларга эришмоқда, -деди Президентимиз Ш.Мирзиёев.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжоннинг олий давлат мукофоти – “Ҳайдар Алиев” ордени билан тақдирланди. Мукофотни давлатимиз раҳбарига Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев топширди.
Икки давлат ва халқ биродарлигининг ёрқин ифодалари
Қайд этилганидек, Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатлари фақат сиёсий ва иқтисодий кўрсаткичлар билан чекланмайди. Озарбайжоннинг озод қилинган ҳудудларини тиклаш жараёнида Ўзбекистоннинг иштироки, шунингдек, ўтган йили Бокуда «Ўзбекистон» боғининг пойдеворига тамал тоши қўйилиши давлатларимиз ва халқларимиз ўртасида тарихан шаклланган биродарлик ва дўстликнинг ёрқин ифодасидир.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йилда Озарбайжонга давлат ташрифи доирасида Фузулий шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги 1-сонли умумтаълим мактабининг очилиши ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Қарийб минг ўқувчига мўлжалланган мазкур мактаб Ўзбекистон томонидан Озарбайжонга совға қилинган. Мактабга Мирзо Улуғбек номи берилгани лойиҳага қўшимча тарихий-маданий мазмун бағишлайди.
Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг алоҳида йўналишларидан бири сифатида медиа соҳасидаги шерикликни ҳам таъкидлаш мумкин. 2024 йилда Тошкентда 1-Ўзбекистон–Озарбайжон Медиа форуми, 2025 йилда Бокуда 2-Озарбайжон–Ўзбекистон Медиа форуми ўтказилди.
Шунингдек, 2023 йилда Фузулийда Озарбайжон ва Ўзбекистон ННТларининг I ҳамкорлик форуми, 2024 йилда Тошкентда Ўзбекистон–Озарбайжон ННТларининг II ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди. Ушбу форумларнинг амалий натижаси сифатида 2026 йилда икки қардош мамлакат илк бор ННТлар учун биргаликда грант танловини эълон қилди. Танлов натижаларига кўра, Озарбайжонда ғолиб деб топилган лойиҳалар Ўзбекистонда, Ўзбекистонда ғолиб бўлган лойиҳалар эса Озарбайжонда амалга оширилади.
Бундан ташқари, икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқалар ҳам жадаллашиб, қардошлик муносабатлари ўрнатилмоқда. Боку–Тошкент, Исмоиллий–Риштон, Шуша–Хива, Ленкоран–Бухоро, Шаки–Қўқон, Биласувар–Термиз, Мингечаур–Наманган, Фузулий–Гулистон, Қуба–Жиззах ва Бейлаган–Шаҳрисабз шаҳарлари аллақачон қардош шаҳарларга айланган.
Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиевнинг юртимизга давлат ташрифи доирасида Янги Тошкентда Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университетининг янги кампуси очилди. Шунингдек, ушбу ҳудудда “Озарбайжон” боғини барпо этиш ишлари бошланади.

Йил якунига қадар Ўзбекистонда Озарбайжон маданияти кунлари ҳамда Озарбайжонда олий таълим муассасалари ректорларининг иккинчи форуми ўтказилади. Низомий Ганжавий ва Алишер Навоийнинг адабий меросига бағишланган қўшма бадиий фильм суратга олиниши мамлакатларимизнинг маданий ҳаётида муҳим воқеа бўлади.
Умуман олганда, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар бугун ўзаро ишонч ва стратегик манфаатларга асосланган, мазмунан бой ва узоқ муддатли шериклик даражасига кўтарилмоқда. Сиёсий мулоқотнинг изчиллиги, иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг кенгайиши, транспорт-коммуникация лойиҳалари ҳамда маданий-гуманитар алоқаларнинг жадал ривожланиши икки давлат яқинлашувининг барқарор асосини яратмоқда. Мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш эса ушбу шерикликни келгусида янада мустаҳкамлаб, уни минтақавий ҳамкорликнинг муҳим таянчларидан бирига айлантириши шубҳасиз.
Ўткир АЛИМОВ,
ЎзА