Кулги ортидаги ҳаётий ҳақиқатлар
Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри саҳнасида халқона юмор, ҳозиржавоблик ва ҳаётий мазмун уйғунлашган «Насриддин Афанди» спектаклининг навбатдаги намойиши бўлиб ўтди.
Шуҳрат Ибрагимов томонидан саҳналаштирилган спектакль томошабинларни яна бир бор кулги, қизиқарли воқеалар ва ўзига хос саҳнавий ечимлар оламига чорлади. Спектаклни мухлисларга тақдим этишга бағишланган тадбирда Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайфуллаев иштирок этди.

Спектакль марказида софдил ва меҳнаткаш Анвар ҳамда гўзал Ойдиннинг муҳаббати туради. Анвар ўз хўжайинининг қизи Ойдинни севиб қолади. Аммо бой ота қизини Қози Ғирромийнинг ўғли Дадажонга турмушга беришни режалаштиради.
Дадажон – отасининг эркатойи, юмшоқтабиат ва кўнгли нозик йигит. Ойдин эса мард ва жасур инсонларни ёқтиради. Ана шу қарама-қаршилик икки ёшнинг муҳаббати йўлида турли тўсиқларни юзага келтиради.

Воқеалар ривожида эса уддабурон ва ҳозиржавоб Насриддин Афанди пайдо бўлади. Унинг ижобий маънодаги ҳийласи, зукколиги ва топқирлиги икки севишган ёшнинг орзуларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Афандининг ҳар бир ҳаракати ва ҳозиржавоблиги томошабинга кулги улашар экан, унинг замирида жамиятдаги айрим иллатларга нисбатан ўткир муносабат ҳам намоён бўлади.
Спектаклда Дадажон сингари нозиктабиат инсонларнинг жамиятдаги ўрни, уларга бўлган муносабат ва инсон қадри масалалари ҳам юмор воситасида ёритилади. Шу жиҳатдан «Насриддин афанди» шунчаки кулдирувчи комедия эмас, балки томошабинни инсон муносабатлари ҳақида ўйлашга ундайдиган ҳаётий асардир.

Саҳнадаги халқона юмор, қизиқарли воқеалар ва ҳаётий мазмун уйғунлиги спектаклга ўзига хос жозиба бағишлаган. Намойиш давомида томошабинлар қаҳрамонлар билан бирга кулиб, уларнинг тақдирига бефарқ қолмадилар. Халқимизнинг севимли санъаткорлари Асқар Ҳикматов, Муслим Юнусов ва Бахтиёр Тўрғуновнинг ижроси эса томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди.
Спектакль якунида Нодирбек Сайфуллаев театрнинг ижодий жамоаси ҳамда соҳа мутахассислари билан учрашиб, театрдаги ижодий жараёнлар юзасидан фикр алмашди. Суҳбат давомида спектаклнинг ютуқлари, унинг томошабинлар қамровини кенгайтириш ва янада оммалаштириш масалалари муҳокама қилинди.
«Насриддин Афанди»га қизиқиш фақат театр зали билан чекланиб қолаётгани йўқ. Спектаклдан ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган лавҳалар ҳам кенг аудитория эътиборини тортмоқда. Бу эса спектаклга бўлган қизиқишнинг юқорилигини кўрсатиши билан бирга, театр санъатини замонавий рақамли майдон орқали кенг аудиторияга етказиш имкониятлари тобора ортиб бораётганини ҳам намоён этади.
Халқона юмор, теран мазмун ва профессионал ижрони ўзида мужассам этган «Насриддин Афанди» томошабинга нафақат кўтаринки кайфият бағишлайди, балки инсон қадри, муҳаббат, муносабат ва жамиятдаги айрим муаммолар ҳақида мушоҳада юритишга ундайди.
Саҳнада кулги уйғотган ҳар бир воқеа ортида ҳаётнинг ўзига хос ҳақиқатлари мужассам. Балки шунинг учун ҳам Насриддин Афандининг топқирлиги, ҳозиржавоблиги ва адолатга интилиши бугунги томошабин учун ҳам қизиқ ва таъсирчандир.
«Насриддин Афанди» – кулдириб туриб ўйлантирадиган, халқона руҳ ва ҳаётий мазмунни бирлаштирган спектакл сифатида театр репертуаридан муносиб ўрин эгалламоқда.
Н.Усмонова, ЎзА