Кучли ирода, қатъият ва матонат марафони
Урганч шаҳрида “Инсон учун” шиори остида оммавий инклюзив югуриш марафони бўлиб ўтди.
“Спорт – ҳаммамиз учун!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган марафон нафақат спорт мусобақаси, балки кучли ирода, қатъият ва матонат намойиши бўлди.



Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан Хоразм вилояти ҳокимлиги ва вилоят спорт бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда 200 нафарга яқин ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда агентлик тизими фаолият юритаётган ходимлари фаол иштирок этди.
Кўтаринки руҳда ташкил этилган марафон иштирокчиларга завқу шавқ баробарида ёрқин ҳаётга бўлган умидни ҳам бахш этди.



Тадбир давомида қатнашчилар бир-бирларини самимий тилаклар билан руҳий қўллаб-қувватлади.
Марафон якунида ғолиб ва совриндорлар пул мукофотлари билан тақдирланди.
Мазкур хайрли ташаббус турли қатлам вакилларини бирлаштириб, жамиятда меҳр-оқибат, бирдамлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.



Аҳмаджон Шокиров, ЎзА