Футзал бўйича миллий терма жамоага янги бош мураббий тайинланди
Пойтахтимизда футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги бош мураббийини таништириш маросими ва матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон футзал федерацияси президенти Бекзод Маматқулов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Профессионал футбол лигаси раҳбарияти, футбол ва футзал фахрийлари, Олий лига жамоалари мураббийлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Анжуман аввалида Ўзбекистон футзал федерацияси ҳамда испаниялик мутахассис Хосе Мария Пасос Мендес ўртасида 2028 йил баҳорига қадар амал қиладиган шартнома расман имзоланди.
Матбуот анжуманини очиб берган федерация раҳбари Бекзод Маматқулов миллий терма жамоа олдига қўйилган устувор вазифаларга тўхталди. Унинг таъкидлашича, навбатдаги Осиё кубоги 2028 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичи сифатида муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, ушбу мусобақага тайёргарлик жараёни ҳар қачонгидан кўра жиддий ва пухта ташкил этилиши лозим.

Маълум қилинишича, миллий терма жамоамиз 7 апрелдан ўқув-машғулот йиғинини бошлайди. Унда янги номлар синовдан ўтказилиши режалаштирилган.
Шунингдек, футзал тизимини янада такомиллаштириш мақсадида барча терма жамоалар фаолиятини марказлаштириш, ёшлар ва ўсмирлар жамоаларида ягона услубни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

Жумладан, миллий терма жамоа бош мураббийига Шуҳрат Тожибоев ёрдам берадиган бўлди. Ёшлар терма жамоасига Константин Свиридов, ўсмирлар терма жамоасига эса Нодир Элибoев бош мураббий этиб тайинланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА