Космосдан назорат: сув хавфсизлигини таъминлашнинг янги имкониятлари
Сув омборининг ҳақиқий ҳажмини қандай аниқлаш мумкин? Унинг тубида йиллар давомида қанча лойқа тўпланган? Тўғоннинг техник ҳолати қай даражада барқарор? Бугун бу каби саволларга фақатгина анъанавий кузатувлар билан эмас, балки космик технологиялар ёрдамида ҳам жавоб топилмоқда.
“Ўзбеккосмос” агентлиги ва “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ташаббуси билан Оҳангарон сув омборига ўтказилган медиа-турда иштирокчилар сув ресурсларини мониторинг қилишнинг ана шундай замонавий усуллари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Тадбир давомида журналист ва блогерларга батиметрик технологиялар, аэрокосмик тасвирлар ҳамда радиолокацион сунъий йўлдош маълумотлари асосида сув омборларининг рақамли 3D моделларини яратиш жараёнлари намойиш этилди. Бу нафақат илмий-техник жиҳатдан қизиқарли, балки мамлакат сув хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Маълумки, Ўзбекистон шароитида сув омборлари қишлоқ хўжалиги, ичимлик суви таъминоти ва энергетика тизимининг ажралмас қисми ҳисобланади. Аҳоли сонининг ўсиши, иқтисодиёт тармоқларининг кенгайиши ва иқлим ўзгаришлари сув ресурсларидан янада самарали фойдаланишни талаб этмоқда. Шу боис сув омборларининг ҳолатини мунтазам баҳолаш ва уларни илмий асосда бошқариш долзарб вазифалардан бирига айланган.
Шу вақтга қадар сув омборларини мониторинг қилиш асосан гидрологик постлар, жойида ўтказиладиган ўлчов ишлари ҳамда мутахассисларнинг кузатувлари орқали амалга оширилган. Бундай усуллар амалиётда ўз аҳамиятини сақлаб қолган бўлса-да, маълум чекловларга эга. Хусусан, ҳудудий қамровнинг торлиги, об-ҳаво шароитларига боғлиқлик ва маълумотларни йиғиш ҳамда таҳлил қилиш учун кўп вақт талаб қилиниши шулар жумласидандир.
Замонавий космик технологиялар эса бу жараёнларга мутлақо янги ёндашувни таклиф қилмоқда. “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида радиолокацион сунъий йўлдошлар орқали олинган маълумотлар сув омборлари ва гидротехник иншоотларни узлуксиз кузатиш имконини бермоқда. Бу эса реал вақтга яқин режимда ҳолатни баҳолаш, хавфларни эрта аниқлаш ва бошқарув қарорларини қабул қилишда муҳим аҳамият касб этади. “Ўзбекгидроэнерго” АЖ билан ҳамкорликда Оҳангарон сув омборида олиб борилган космик мониторинг тизими айнан ушбу йўналишдаги амалий ишлардан бири бўлиб, у космик маълумотларни реал бошқарув жараёнларига интеграция қилишга кўмаклашади.
[gallery-30088]
Таъкидланганидек, ҳар қандай сув омборида вақт ўтиши билан лойқа ва турли чўкиндилар тўпланади. Бу жараён сув сақлаш ҳажмининг қисқаришига олиб келиши мумкин. Шу сабабли сув омборларининг туб қисмини мунтазам ўрганиб бориш ва лойқа оқизиқлари билан тўлиш даражасини баҳолаш муҳим вазифа ҳисобланади.
Ўлчов ишларини ташкил этишдан аввал сув омборларининг бир неча йиллик гидродинамик режими таҳлил қилинади. Бунда сув сатҳининг энг юқори ва энг паст кўрсаткичлари қайд этилган даврлар аниқланади. Кейин сув сатҳи минимал даражага тушган вақтда сув усти қисми аэрокосмик тасвирга олинади. Бу жараёнда учувчисиз учиш аппаратлари ҳамда сунъий йўлдош тасвирларидан фойдаланилади.
Сув ости қисми бўйича батиметрик ўлчовлар ва сув усти ҳудудлари бўйича аэрокосмик маълумотлар махсус дастурий таъминот орқали бирлаштирилади. Натижада сув омборининг ягона рақамли уч ўлчамли модели яратилади.
Мазкур рақамли модел сув омборининг ҳолатини ҳар томонлама баҳолаш имконини беради. Хусусан, сув сатҳининг ҳар 10 сантиметрлик ўзгариши бўйича сув ҳажми ва сув юзаси майдонини ҳисоблаш мумкин. Зарур ҳолларда ҳисоб-китоб аниқлиги ҳатто 1 сантиметргача етказилади.
Бу эса сув ресурсларини бошқаришда муҳим аҳамият касб этади. Чунки аниқ маълумотлар асосида сув тақсимотини режалаштириш, сув захираларини ҳисоблаш ва келгуси мавсумлар учун прогнозлар тайёрлаш имконияти кенгаяди.
Мутахассислар фикрича, космик мониторинг тизимларининг яна бир муҳим жиҳати хавфларни эрта босқичда аниқлаш имконияти билан боғлиқ. Радиолокацион сунъий йўлдошлар ер юзасидаги ҳатто миллиметр даражасидаги ўзгаришларни ҳам қайд эта олади. Бу эса сув омборлари тўғонлари ва бошқа гидротехник иншоотларда юзага келиши мумкин бўлган деформацияларни ўз вақтида аниқлашда жуда муҳим омиллардан.
– Космик технологиялар шунингдек, инсон бориши қийин бўлган ҳудудларда мониторинг ишларини амалга ошириш имконини ҳам бермоқда, - дейди “Ўзбеккосмос” агентлиги бош мутахассиси Комилжон Тошматов. – Айниқса, тик тоғ ёнбағирлари, мураккаб рельефли ҳудудлар ёки чегараолди зоналарда ер усти ўлчовларини амалга ошириш доим ҳам осон кечмайди. Бундай ҳолларда сунъий йўлдош маълумотлари энг самарали ечимлардан бири бўлиб хизмат қилади. Космик маълумотлар ердан 700-800 километр баландликдаги сунъий йўлдошлар орқали олинади. Улар асосида ҳудудларнинг рельеф моделлари яратилади. Бу эса техник воситалардан фойдаланиш қийин бўлган ёки хавфсизлик талаблари мавжуд ҳудудларда ҳам аниқ мониторинг олиб боришга ёрдам беради.
Мутахассиснинг қайд этишича, бу борада Андижон сув омборида ҳам самарали ёндашув қўлланган. Қирғизистон билан чегарадош ҳудудда жойлашган мазкур сув омбори атрофидаги тоғли ва тик қияли ҳудудларда ер усти ўлчовларини амалга ошириш муайян чекловларга эга. Шу сабабли космик мониторинг мазкур объектни ўрганишда хавфсиз ва самарали восита сифатида хизмат қилган.
Бугунги кунда бундай технологиялар дунёнинг кўплаб мамлакатларида кенг қўлланилмоқда. Нидерландияда космик маълумотлар тошқин хавфини бошқариш ва сув инфратузилмасини мониторинг қилишда муҳим восита ҳисобланади. АҚШда сув ресурслари ва геологик жараёнлар мунтазам космик кузатувлар асосида таҳлил қилинади. Европа Космик Агентлигининг Copernicus дастури доирасидаги Sentinel-1 сунъий йўлдошлари эса гидротехник иншоотлар ва сув ҳавзаларини мониторинг қилишда кенг фойдаланилаётган тизимлардан бири ҳисобланади.
Мамлакатимизда ҳам бу йўналишда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 23 ноябрдаги “Космик тармоқни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида республикамиздаги 60 та сув омборида лойқа оқизиқлари билан тўлиш динамикасини мониторинг қилиш ишлари замонавий технологиялар асосида йўлга қўйилган. Бу эса сув ресурсларини бошқаришда рақамли технологияларни кенг жорий этиш, соҳадаги қарорларни аниқ маълумотларга асосланган ҳолда қабул қилиш ва сув хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ушбу медиа-тур нафақат замонавий технологияларни намойиш этиш, балки жамоатчиликка уларнинг амалий аҳамиятини кўрсатиш учун муҳим майдон вазифасини ўтади. Сув ости релефининг рақамли харитаси, сунъий йўлдошлардан олинаётган маълумотлар ва юқори аниқликдаги 3D моделлар бугунги кунда сув ресурсларини бошқаришда инновацион ёндашувлар тобора муҳим аҳамият касб этаётганини яна бир бор намоён қилди.
Зеро, сув ресурслари ҳар бир мамлакатнинг стратегик бойлиги ҳисобланади. Уни асраш, самарали бошқариш ва келажак авлодларга етказиш замонавий илм-фан ва технологиялар имкониятларидан оқилона фойдаланишни тақозо этади.
Камола Юсупова, Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА