Корея билан ҳамкорликда қўшма кўргазмалар ташкил этилади
Шу кунларда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, академик, профессор Акмал Нур Корея Республикасининг Кемёнг университети таклифига биноан ушбу давлатда бўлиб турибди.
Маълумки, Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги маданий алоқалар замонавий бадиий санъат, дизайн ва музейшунослик соҳаларида ҳам янгича мазмун билан бойиб бормоқда. Сўнгги йилларда, хусусан, икки давлатнинг маданият ва санъат ташкилотлари ўртасида имзоланган янги стратегик келишувлар бадиий ҳамкорликни бутунлай янги босқичга олиб чиқди.

Учрашувда Кемёнг университети вакиллари Ўзбекистон Бадиий академияси раисининг санъат соҳасида халқаро илмий тадқиқотлар ва илмий ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссасини юқори баҳолаб, мазкур ташриф Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги маданий алмашувни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Келишувлар доирасида икки мамлакат рассомлари ва кураторлари ўртасида тажриба алмашиш, қўшма кўргазмалар ва тадқиқот лойиҳаларини ташкил этиш, шунингдек, музей ишларини ривожлантириш кўзда тутилган.
Гулноза Бобоева,
ЎзА