Конкур бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақалари бўлиб ўтди
Пойтахтимиздаги “Universal Horses Stable” от спорти мажмуасида тўсиқлардан сакраш (конкур) йўналиши бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақалари бўлиб ўтди.
Уч кун давом этган беллашувлар мамлакатимизда от спортини ривожлантириш, чавандозларнинг маҳорат ва тажрибасини ошириш, ёш ва истиқболли спортчиларни кашф этиш ҳамда уларни нуфузли мусобақаларга тайёрлаш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг муҳим қисми бўлди.
Мусобақалар давомида чавандозлар баландлиги 110 сантиметрдан 150 сантиметргача бўлган тўсиқлардан сакраб ўтиш бўйича беллашиб, ўз маҳоратини намойиш этди.
Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, Алишер Эркинов, Хуршид Олимжонов, Дилшод Мамадалиев, Дилшод Шокиров, Ҳумоюн Абдуллаев ва Мирёқуб Исмоилов каби чавандозлар ғолиблар сафидан жой олди.
[gallery-32010]
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Алимурод МАМАДАМИНОВ (сурат), ЎзА