Тошкентда «Global Laser Run City Tour – 2026» мусобақаси ўтказилди
Пойтахтимиздаги «Экопарк»да Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси томонидан «Global Laser Run City Tour – 2026» халқаро лойиҳасининг иккинчи босқичи ташкил этилди.
Мусобақада турли ёш тоифалари ва спорт тайёргарлиги даражасига эга 350 нафардан ортиқ ҳаваскор спортчи иштирок этди.
Беллашувлар замонавий бешкурашнинг югуриш ва лазерли тўппончадан ўқ отиш элементларини ўзида мужассам этган «Laser Run» йўналишида ўтказилди. Иштирокчилар баҳслар давомида ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, мерганлиги ва чидамлилигини намойиш этди.
Мазкур спорт тадбиридан кўзланган асосий мақсад замонавий бешкурашни оммалаштириш, болалар ва ёшларни спортга кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда «Laser Run» йўналишини ривожлантиришдан иборат.
[gallery-31995]
Бундай мусобақалар аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида спортга қизиқишни кучайтириш, жисмоний фаолликни ошириш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишга хизмат қилади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА