Кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни кенг нишонланди
Ҳар йили мамлакатимизда май ойининг учинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни” сифатида кенг нишонланади. Шу муносабат билан Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Навоий кон-металлургия комбинати тизимида меҳнат фаолиятини олиб бораётган турли касб эгалари ва меҳнат фахрийлари иштирок этди. Унда “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти Бошқарув раиси – Бош директори, Ўзбекистон қаҳрамони Қувондиқ Санақуловнинг табриги ўқиб эшиттирилди.
Таъкидланганидек, кон-металлургия саноати мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бири ҳисобланади. Навоий кон-металлургия комбинати эса нафақат юртимизда, балки дунё миқёсида ҳам ўз ўрнига эга бўлган йирик ва қудратли корхона сифатида эътироф этилмоқда.
[gallery-29464]
Сўнгги йилларда амалга оширилган йирик инвестицион лойиҳалар корхона тараққиётида янги босқични бошлаб берди. Бу даврда ишлаб чиқариш қувватлари оширилди, замонавий технологиялар жорий этилди, минглаб янги иш ўринлари яратилди.
2016 йилда маъдан қазиб олиш ҳажми 107 миллион кубометрни ташкил этган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 320 миллион кубометрга етди, яъни қарийб 3 баравар ошди. Маъданни қайта ишлаш ҳажми эса 60,6 миллион тоннадан 116,7 миллион тоннагача кўпайиб, 2 баравар ўсишга эришилди. Натижада олтин ишлаб чиқариш 2016 йилга нисбатан 35 фоизга, кумуш ишлаб чиқариш эса 70 фоизга ошди.
Жорий йилнинг ўтган тўрт ойида эса 58,5 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, маҳсулот таннархини камайтириш 2,6 триллион сўмга, инвестиция маблағларини ўзлаштириш 143,2 долларга, маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш 531 миллиард сўмга бажарилди.
Давлатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида 2-гидрометаллургия заводида 2 та тегирмон блоги, 3-гидрометаллургия заводида градирния биноси, Жанубий кон бошқармасида 400 ўринли маиший бино, “Довғизтов” конида эса 250 ўринли ошхона ишга туширилади.
Тадбирда касб байрами муносабати билан комбинат тизимида меҳнат қилаётган бир гуруҳ ишчи-ходимлар кўп йиллик фидокорона меҳнати, соҳани ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси учун 1-, 2- ва 3-даражали “Кончилик шуҳрати”, “НКМК фахрийси” кўкрак нишонлари, “Фахрий ёрлиқ” билан тақдирланди.
“Фарҳод” маданият саройи санъаткорлари ва Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театри актёрлари ижросидаги куй-қўшиқ ва рақслар тадбирга кўтаринки кайфият улашди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари