Кўлда балиқ ва шолини бир вақтда етиштириш мумкинми? (+видео)
Қуйи Чирчиқ туманидаги балиқчиликка ихтисослашган агрокластер ҳовузларида Шоличилик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан илк бор сув юзасида шоли парвариши йўлга қўйилди.
Шоли дунё аҳолисининг ярмидан ортиғи учун асосий озиқ-овқат маҳсулоти ҳисобланади. Аҳоли сонининг ўсиши, қишлоқ хўжалиги ерларининг қисқариши ва иқлим ўзгариши шароитида шоли етиштириш самарадорлигини ошириш стратегик аҳамиятга эга.
Бугунги кунда республикамиз аҳолисининг гуручга бўлган эҳтиёжини тўла қондириш учун, шоли ҳосилини бир йилда 1 млн тоннадан ошириш зарур. Ҳосилни ошириш учун соҳага янги инновацион агротехнологиялар керак бўлади. Шу мақсадда олимларимиз томонидан хорижий тажрибани ўрганиб, илк бор сув юзасида шоли парваришини йўлга қўйдилар.
Асосан елим тувакларга экилган уруғлар, пўкакларга жойлаштирилиб, балиқ ҳовузига қўйиб юборилди. Натижада балиқларга озуқа берилмаса-да улар яхши ривожланяпти. Ўрдаклар ҳам шу ерда озиқланяпти. Фақат ёввойи ўрдаклар. Шолининг “Искандар” ва “Биллур” нави эрта экилганлари яхши ҳосилга кирган.
- Шоличилик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан “Сузувчи шоли” агротехнологиясини ишлаб чиқиш мақсадида янги лойиҳа амалга оширилмоқда, - дейди институт илмий ходими Миржалол Ахматов. – Икки гектар майдонда тажриба-сонов ишлари оли борилмоқда. Бундан олдин биз Хитой, Ветнам ва бошқа Жанубий-Шарқий Осиё давлатларининг тажрибасини ўрганиб чиқдик. Дарё ва денгиз бўйларида яшайдиган аҳоли томонидан ушбу усулда экиб келинади. Бизда ҳам ушбу тажриба асосида ишлар йўлга қўйилди. Ўсимлик учун тувакларни 15 см оралиқда жойлаштирдик. Унга тупроқ ва биогумус аралашмаси солинди. Кўчатларни экиб, кўлга жойлаштирдик. Ҳар бир тувакда 2-3 та кўчат жойлаштирдик. Бу тадқиқот 5 та муддатда қилинди. Бу тажриба нафақат Қуйи Чирчиқ туманида, балки Фарғона вилояти Ёзёвон туманида, Наманган вилояти Мингбулоқ туманида ҳам олиб бориляпти.
Албатта, бу аввало Ўзбекистон шароитида ўтказилаётган илк тажриба. Кўлда шоли етиштиришнинг ўзига яраша қийинчиликлари ҳам йўқ эмас. Ҳар бир тувак ичига биогумусга уруғ ёки кўчат, доналаб экиб чиқилади. Бунинг учун кўплаб ишчи кучи талаб этилади. Лекин самараси юқори ва долзарб тадқиқот. Бир вақтнинг ўзида экологик тоза боқилган балиқ ва гуруч кўлда етиштирилади. Бегона ўтларга қарши гербицидлар қўлланилмайди. Сув юзаси қизиб кетмайди ва балиқлар ривожи учун қулай муҳит яратилади.
Албатта, юртимизда ана шундай балиқ кўллари жуда кўплигини инобатга олинса, сув юзасида (сузувчи) шоли етиштириш агротехнологияси қанчалик долзарблиги кундек аён бўлади. Мазкур технологияга фермер ва балиқчилик хўжаликлари томонидан эҳтиёж мавжуд бўлиб, уни амалиётга жорий этиш орқали қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва экспорт ҳажмларини кўпайтириш имкони яратилди.
<iframe width="1335" height="751" src="https://www.youtube.com/embed/dzlZk6a5bAw" title="Ko‘lda baliq va sholini bir vaqtda yetishtirish mumkinmi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА