Қурғоқчиликка мос шоли нави яратилмоқда (+видео)
Сув танқислиги бугун нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё аҳолисининг умумбашарий муаммоси бўлиб қолмоқда. Ана шундай шароитда асосан сувда парвариш қилинадиган шоли ўсимлигини сув тежамкор технологиялар асосида етиштириш борасида маҳаллий олимларимиз томонидан қатор илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Тошкент вилоятида жойлашган Шоличилик илмий-тадқиқот институтида Шоли генетикаси ва селекцияси лабораторияси олимлари томонидан маҳаллий ва хорижий 50 дан ортиқ навларда тадқиқотлар олиб борилиб, сувсизликка чидамли шолининг янги навлари аниқланмоқда.
- Сув танқислиги шароитида аҳолини етарли даражада гуруч маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида шунга мос навларни яратиш бўйича илмий тажрибалар олиб боряпмиз, - дейди Шоличилик илмий-тадқиқот институти Шоли генетикаси ва селекцияси лабораторияси мудири Бахтиёр Қаландаров. – Яъни сув миқдори камайиб борган тақдирда ҳам ҳозирги кунда етиштирилаётган гуручимизни умумий миқдорини сақлаб туришимиз керак. Бу тажрибамиз 20 сотих майдонда айнан анъанавий бостириб суғориш технологияси эмас, балки вақти-вақти билан сув бериш орқали, қурғоқчилик шароитида мақбул нав яратиш мақсад қилинган. Асосан ўзимизнинг олимлар яратган навларни шу шароитда текшириб, синаб оляпмиз. Сув бостириб суғориладиган навлар билан солиштирсак ҳозирда унчалик катта фарқ кузатилмади. Охирги маълумотлар ҳосил пишиб-етилганидан кейин лаборатория таҳлилларини амалга ошириб, донини таҳлил қилиб, сифат кўрсаткичлари аниқлаб олинади.
Малайзия, Филиппин ва Япония давлатидан келтирилган шоли намуналари ёрдамида шўрга ва қурғоқчиликка чидамли навлар яратиш мақсадида чатиштириш учун танлаб олинди. Маҳаллий навлар билан гуллаш жараёнини мос келтириш учун аввал лаборатория шароитида тувакларга экилиб парваришланди, сўнгра далага кўчириб ўтказилди.
Бу йил лойиҳа доирасида Жанубий Корея давлатидан жами 17 та шоли намунаси олиб келинди. Биринчи йили Шоличилик илмий-тадқиқот институтида тажриба қилиб кўрилади ва юртимиз далаларига мос тушган навлар танлаб олинади. Кейинги йил шоли кўп экиладиган вилоятларда ҳам синаб кўрилади. Бундан ташқари Ўзбекистондаги маҳаллий навлар билан чатиштириб янги навлар яратилади.
Шу билан бирга институтнинг синов-тажриба майдонида шолининг “Искандар” нави Корея технологияси асосида томчилатиб суғориш тизими 1 гектар майдонда қўлланилди. Институт кичик илмий ходими Адхамжон Узоқовнинг тадқиқотлари натижасида томчилатиб суғориш орқали 30% сув тежалиши аниқланди. Бундан ташқари ўсимликни ўғитлашда ҳам икки баробар иқтисод қилинган.
Бугун ушбу соҳа олдида сувни иқтисод қилиш, кам харажат қилиб кўп даромад олиш, сувсизликка чидамли, маҳаллий иқлим шароитимизга мос янги навларни яратиш, маҳсулот таннархини арзонлаштириш, моддий техник базани мустаҳкамлаш каби муҳим вазифалар турибди. Ушбу масаланинг ечимига эса илм ва инновация орқали эришилади.
<iframe width="1335" height="751" src="https://www.youtube.com/embed/8j3vsVJh0Vg" title="Qurg‘oqchilikka mos sholi navi yaratilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА