Аёллар муаммолари тингланиб, ташаббуслари қўллаб-қувватланди
Аёл дардига қулоқ тутиш, муаммоларига ечим топиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш — эътиборнинг амалий ифодасидир. Ховос туманида ўтказилган сайёр қабулда 42 нафар фуқаронинг мурожаатлари тингланиб, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибоева туманда аҳоли мурожаатларини ўрганди, маҳаллалардаги лидер аёллар билан мулоқот қилди ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлаётган тадбиркор Мавлуда Бобожонова фаолияти билан танишди.

Дастлаб Халқ қабулхонаси, вилоят прокуратураси, ички ишлар ва адлия бошқармалари масъуллари иштирокида сайёр қабул ўтказилди.
— Аёл қадри — давлат ҳимоясида, унинг муаммоси бизнинг масъулиятимизда, — деди Наргиза Тожибоева қабул давомида.

Сайёр қабулда 42 нафар фуқаро иштирок этиб, ижтимоий таъминот, тиббий хизмат, уй-жой, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, кредит олиш, алимент, паспорт ва сув таъминоти билан боғлиқ масалалар юзасидан мурожаат қилди.
Жумладан, ижтимоий масалалар бўйича 8 та, тиббий хизмат юзасидан 7 та, кредит олишга доир 6 та, кадастр ва уй-жой масалалари бўйича 4 тадан, алимент ва паспорт билан боғлиқ 3 тадан, сув таъминоти юзасидан эса 2 та мурожаат келиб тушди.

Мурожаатлар масъуллар иштирокида кўриб чиқилиб, уларни қонуний тартибда ҳал этиш чоралари белгиланди. Олти нафар фуқаронинг мурожаати жойида ҳал этилди, 15 та мурожаат тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда кўриб чиқилди.

Қолган мурожаатлар ваколатли идораларга йўналтирилиб, уларнинг ижросини назорат қилиш вазифаси белгиланди.
Сайёр қабулдан сўнг Наргиза Тожибоева туман ФҲДЁ бўлимида ёш никоҳланувчилар учун йўлга қўйилган кейтеринг хизмати фаолияти билан танишди. Яратилган шароитлар ва хизмат кўрсатиш сифати кўздан кечирилиб, фаолиятни янада такомиллаштириш юзасидан тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.

Шундан кейин маҳаллалардаги тадбиркор аёллар билан учрашув ўтказилди. Унда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва фаоллигини ошириш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик салоҳиятини ривожлантириш ҳамда ҳудудда амалга оширилаётган ислоҳотлардаги иштирокини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида аёлларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ва янги имкониятлар яратиш юзасидан фикр алмашилди. Билдирилган таклифлар бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг иқтисодий мустақиллигини ошириш борасидаги ишлар билан танишиш жараёнида тадбиркор Мавлуда Бобожонованинг фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбиркор «Аёллар дафтари»га киритилган 5 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаб, уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашган. Шунингдек, хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган «Энг яхши ижтимоий лойиҳалар» танловида ғолибликни қўлга киритган.

Айни пайтда тадбиркор томонидан яна 12 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланган, 15 нафар аёл эса касаначиликка жалб этилган. Бу саъй-ҳаракатлар хотин-қизларнинг оилавий даромадини ошириш, меҳнат қилиш ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Наргиза Тожибоева тадбиркорлик фаолияти билан танишиш асносида хотин-қизлар бандлигини янада ошириш, уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш юзасидан ўз тавсияларини берди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири