Халқаро кузатувчилар билан учрашувлар
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловларда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган меҳмонлар билан учрашувлар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловларда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган меҳмонлар билан учрашувлар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Курманов МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси Бош котиби – Кенгаш котибияти раҳбари Дмитрий Кобицкий бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашди.
Унда Ўзбекистон МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларда фаол қатнашаётгани алоҳида таъкидланди.
Суҳбат давомида 22 декабрда бўлиб ўтадиган сайловга кўрилган тайёргарлик жараёни хусусида сўз юритилди.
Кузатувчилар эътирофича, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда олиб борилаётган туб ислоҳотлар сайловларнинг очиқ, шаффоф, демократик тамойиллар асосида ўтишига, фуқаролар ижтимоий-сиёсий фаоллиги таъминланишига хизмат қилмоқда.
Делегация вакиллари эртанги сайлов Ўзбекистонда олиб бориладиган келгуси ислоҳотларнинг янада таъсирчанлигини оширишда тамал тоши бўлишини, аҳоли манфаатларини қўллаб-қувватлашини қайд этди.
* * *
“Франция – Марказий Осиё” парламентлараро гуруҳи вице-президенти, Франция Миллий Мажлиси депутати Пьер Кабарэ билан учрашувда сайлов кампанияси соғлом рақобат, очиқлик ва шаффофлик тамойилларига мос ўтгани таъкидланди.
П.Кабарэ дунё ҳамжамияти Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган ислоҳотларни диққат билан кузатиб бораётганига тўхталиб, янги шакллантириладиган парламент таркиби мамлакат ривожига ўз ҳиссасини қўшишига ишонч билдирди.
* * *
Олий Мажлис Сенатида МДҲ ва ШҲТ ПАА миссияси таркибида иштирок этувчи Россия Федерацияси Федерал Мажлис Федерация Кенгаши вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, сайлов кампаниясини жаҳон ҳамжамияти катта қизиқиш билан кузатмоқда ва сайлов жараёни жамиятни демократлаштириш, кенг ахборот кампаниясини олиб бориш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш шароитида ўтмоқда.
Россия Федерация Кенгаши аъзоси Сергей Лисовскийнинг фикрича сайловлар юқори ташкилий даражада бўлиб ўтади. Янги очиқлик ва устуворликларни қайта кўриб чиқиш сиёсати кутилган натижаларни, тараққиёт йўлини шиддат билан босиб ўтаётган Ўзбекистонга фаровонликни олиб келади.
* * *
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев парламент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Италиянинг “The European House-Ambrosetti” компанияси вакили Филиппо Малинверно билан учрашди.
Томонлар Ўзбекистондаги парламент сайловларига ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилганига тўхталиб ўтди. Ўзбекистонда олиб борилаётган очиқлик сиёсати сайлов кампаниясининг барча иштирокчиларига катта масъулият юклайди.
Филиппо Малинверно янги шакллантириладиган парламент таркиби мамлакат ривожига ўз ҳиссасини қўшишига ишонч билдирди.