Имконияти чекланганлар учун чексиз имкониятлар (+видео)
Аввал хабар қилганимиздек, 12–13 май кунлари пойтахтдаги “Ўзэкспомарказ” мажмуасида анъанавий “ИНСОН УЧУН 2026” фестивали бўлиб ўтмоқда. Тадбирнинг иккинчи кунида ҳам бу ерга келувчиларнинг кети узилмади. Чунки, фестиваль дастури хилма-хил бўлиб, ташриф буюрувчилар айниқса ёшлар катта ҳаётга қадам қўяр эканлар - бу уларнинг келажаклари учун мотивация, билим ва кўникма олишлари ҳамда ўйлаган режаларини амалга оширишларига муҳим платформа бўлиши мумкин. Зеро, ушбу тадбир давлат органлари, халқаро ташкилотлар, бизнес вакиллари, ижтимоий тадбиркорлар, ННТлар, таълим муассасалари, иш берувчилар, ҳунармандлар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни бирлаштиради.
Фестиваль доирасида болалик давридаги илк ривожланишдан бошлаб таълим, касб-ҳунар, бандлик, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва жамиятда фаол иштирок этишгача бўлган жараёнлар ўрин олган. Алоҳида эътибор ногиронлиги бўлган шахслар, ёшлар, талабалар ва эҳтиёжманд қатламлар учун кенг имкон яратишга қаратилди.
Яна бир эътиборли томони фестивалда 130 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ва ижтимоий корхоналар фаол қатнашмоқда. Уларнинг кўпчилигида ногиронлиги бўлган шахслар томонидан маҳсулотлар ишлаб чиқарилади ва бугунги фестиваль айнан уларнинг маҳсулотларига мижозлар топишга, янги шартномалар имзоланишига ва яна минглаб иш ўринлари яратилишига хизмат қилади. Маҳаллий тадбиркорларимиз имконияти чекланган инсонлар учун максимал қулайлик яратиш учун ҳаракат қилганлар.
Фестиваль ташкилотчиларининг таъкидлашича унда 100 мингга яқин бўш иш ўринлари, стажировка ва профессионал ривожланиш имкониятлари тақдим этилди. Ҳудудга ташриф буюрувчилар таълим, касбий ривожланиш, ижтимоий хизматлар, инклюзив бандлик ҳамда инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган замонавий ташаббуслар билан яқиндан танишишди.
Шунингдек, болаларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш, таълим жараёнини барча учун тушунарли ва қулай ташкил этиш бўйича янги усуллар тақдим этилди. Масалан, болажонлар бу ерда гулдаста ясаш, робототехника имкониятлари, дастурхон безаш, тикувчилик каби ўнлаб даромадли касбларни бошлаш сирларини билиб олдилар. Хуллас иштирокчилар муваффақиятли касбий ривожланишнинг асосий босқичларини амалий шаклда ўргандилар.
Турли интерактив ўйинлар орқали билим ва кўникмалар берилиши баробарида уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган бир қатор лойиҳалар намойиш қилинди. Албатта бу фестиваль нафақат кўргазма, балки очиқ мулоқот, тажриба алмашиш ва янги ҳамкорликларни шакллантириш майдони ҳамдир.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/5A6oLIeq2zE?si=BX-cCa7VfmxLotSW" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА