Жиззах ИИБда ижтимоий ҳимоя (+видео)
Жиззах вилоят ички ишлар бошқармасига ўтказилган пресс-тур иштирокчилари дастлаб Шароф Рашидов тумани Куёвбоши маҳалласида барпо этилган намунавий уйлар ва яшил ҳудудлар билан танишди. Бу ерда бугунга қадар 56 та оила янги уйларга кўчиб кирган. Йил якунига қадар ва келгуси йилнинг биринчи чорагида яна 48 та оила ана шундай замонавий коттежлар соҳиби бўлиши режалаштирилган. Умуман олганда, ҳудудда 130 га яқин уй барпо этилиши кўзда тутилган.
Уй-жой — бу ижтимоий ҳимоянинг энг асосий устуни. Шу маънода, Жиззах ИИБда бу йўналиш тизимли равишда ишлар йўлга қўйилганини кўриш мумкин. Масалан, 2025 йил давомида 158 нафар ходимга 730 миллион 800 минг сўм компенсация тўланган, 190 нафар ходимга ҳар ойда 205 миллион сўмдан ортиқ ижара компенсацияси ажратилмоқда. 17 нафар ходимга уй сотиб олиш учун бадал пуллари берилган. Булар фақат молиявий кўмак эмас, балки хизмат фидойиларининг эртанги кунга ишончини мустаҳкамловчи омилдир.
– Биз учун рақам эмас, инсон муҳим, – дейди Жиззах вилоят ИИБ бошлиғи генерал-майор Ғайрат Қодиров. – Аммо ҳар бир рақам ортида инсон тақдири турганини унутмаслигимиз керак. Ходим ўзини ва оиласини ҳимояланган деб ҳис қилса, у хизматда ҳам юксак натижа кўрсатади.
Ижтимоий ҳимоя фақат уй-жой ёки компенсация билан чекланмайди. Бу тизимда болалар, оила аъзолари манфаати ҳам устувор. Жумладан, 245 нафар ходим фарзандлари ва хизмат вақтида ҳалок бўлган 20 нафар ходимнинг фарзандлари оромгоҳда дам олдилар, 74 нафар ходимнинг 96 нафар фарзанди мактабгача таълим муассасаларига имтиёзли жойлаштирилди, 63 нафар ходим фарзандига олий таълимга кириш учун тавсиянома берилди, ҳалок бўлган 9 нафар ходим оиласига 79 миллион сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди.
Жорий йилнинг ўзида ҳам 110 нафар фаол ходимнинг 118 нафар фарзанди учун олий таълим муассасаларига тавсия бериш бўйича ҳужжатлар юборилгани бу тизим изчил давом этаётганини кўрсатади.
Пресс-турнинг яна бир муҳим жиҳати — “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар бўлди. Вилоятда 8 гектар майдонда ИИБга қарашли боғ, 9 гектар кинология бўлинмаси ҳудуди, Бобур маҳалласида 22,6 гектар ерда мевали ва манзарали дарахтлар, узумзорлар ва экинлар парваришланмоқда.
Эътиборлиси, бу майдонларда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган. Бу эса нафақат ҳосилдорлик, балки сув тежамкорлиги масаласида ҳам замонавий ёндашувни англатади.
– Бугун экилаётган ҳар бир кўчат — бу фақат бугун учун эмас, – дейди генерал-майор Ғайрат Қодиров. – Бу — 5–10 йил кейинги барқарорлик, экологик хавфсизлик ва фаровонликка қаратилган амалий қадамдир.
Куёвбошида барпо этилаётган “Жасорат” кичик посёлкаси эса алоҳида эътиборга лойиқ. Бу ерда нафақат уйлар, балки мактабгача таълим муассасаси, 30 ўринли меҳмонхона, спорт мажмуалари қурилиши режалаштирилган. Яъни бу ҳудуд оддий турар-жой эмас, балки тўлиқ инфратузилмага эга янги ҳаёт маконига айланмоқда.
Пресс-тур иштирокчиларининг ўзлари ҳам дарахт экиб, бу жараёнга бевосита ҳисса қўшгани тадбирнинг амалий аҳамиятга эга эканини кўрсатди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/2RTYrF0fIFE" title="“Soliq to`lash kuni” nishonlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА