Касбдан ишгача бўлган йўл қисқармоқда
Нукус шаҳридаги 1-сон техникумида таълим дастури, амалиёт ва иш берувчи талаби бир-бирига боғланмоқда. Мақсад ёшларга фақат диплом бериш эмас, уни ишга тайёр мутахассис қилиб чиқариш.
Техникумни битирган ёш йигит-қизлар меҳнат бозорига қадам қўйганда, иш берувчини фақат дипломнинг мавжудлиги қизиқтирмайди. Бугунги рақобат даврида компания раҳбарлари номзодга нисбатан аниқ ва амалий саволларни кўндаланг қўймоқда, “Бу мутахассиснинг қўлидан нима келади? Қайси ускуна ва дастгоҳларда мустақил ишлай олади? Реал ишлаб чиқариш амалиётини кўрганми?”. Бундан ташқари, замонавий технологияларни ўзлаштирганлик ҳам кадр танлашда асосий мезонга айланиб улгурди.
Бугунги кунда касбий таълим тизими олдида турган энг асосий вазифалардан бири ҳам айнан шундан иборат. Замон талаби, ёшларга шунчаки касб ўргатиш эмас, балки уларни меҳнат бозорида реал талабга эга бўлган, иш берувчининг мезонларига тўла жавоб берадиган етук мутахассис қилиб тайёрлашдир. Нукус шаҳридаги 1-сон техникумида бундай замонавий ёндашувнинг дастлабки амалий натижалари кўрина бошлади. Хусусан, жорий йилда ушбу таълим масканида пайвандчилик касбини пухта эгаллаган 25 нафар битирувчи Эстонияга ишга юборилди. Бугунги кунда улар ойига 3 минг еврогача даромад топиш имкониятига эга. Бу эса масала фақат диплом ёки касб ўргатишда эмаслигини яна бир бор исботлайди. Энг муҳими, эгалланган касбга нисбатан юқори талабнинг мавжудлиги ва битирувчининг ўз билимларини амалиётда юқори даражада қўллай олишидир.
Касбий таълим агентлиги директори Азимжон Хусановнинг таъкидлашича, бугунги кундаги энг долзарб вазифалардан бири, таълим жараёнини иш берувчиларнинг реал эҳтиёжлари билан чамбарчас боғлашдир.
– Президентимизнинг касб-ҳунарга ўқитиш тизимини ривожлантириш бўйича берган топшириқлари ижросини Нукус шаҳридаги 1-сон техникуми мисолида ҳам яққол кўриш мумкин, – деди Азимжон Хусанов. – Бу ерда таълим бериш, амалий касб ўргатиш ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлаш яхлит бир тизимга бирлаштирилмоқда. Мақсадимиз – ўқувчи техникумни нафақат назарий билим билан, балки юқори малакали кадр бўлиб битириши, ҳатто имкони бўлса, ўз иш ўрнини ўқиш давридаёқ топишидир. Зеро, бугунги ёшлар нафақат мамлакатимиз, балки дунё меҳнат бозорида ҳам тўла рақобатбардош бўла олиши шарт.
Айнан шу мақсадда таълим муассасасида Буюк Британиянинг халқаро тан олинган Pearson BTEC таълим дастури жорий этилди. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ, ушбу илғор дастур Ўзбекистонда илк бор айнан Нукус шаҳридаги 1-сон техникумида татбиқ этилгани эътиборга лойиқ. Мазкур тизимнинг анъанавий таълимдан асосий фарқи, амалиётнинг устуворлигида. Бу ерда ўқув соатларининг 70 фоизи бевосита амалий машғулотларга, фақат 30 фоизи назарияга ажратилган. Бундай ёндашув туфайли ўқувчи касб сирларини фақат дарсликлардан ўқиб қолмай, балки замонавий устахоналар, реал жиҳозлар билан ишлаб, ўз билимларини амалда мустаҳкамлаб бормоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев яқинда Қорақалпоғистонга ташрифи доирасида Нукус шаҳридаги 1-сон техникум фаолияти билан ҳам танишган эди.
Албатта, бундай замонавий тизимни йўлга қўйиш учун мос шароитлар талаб этилади. Шу боис, умумий қиймати 11,9 миллиард сўм бўлган йирик лойиҳа доирасида техникумда 240 ўринли шинам ва замонавий ўқув устахоналари ташкил этилди. Бугунги кунда 4 гектар майдонни эгаллаган ушбу таълим масканида (бино ва иншоотлар майдони 4,6 минг кв.м) 1203 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Яратилган бундай кенг имкониятлар дуал таълим тизимини ривожлантириш ва ҳудуд учун энг зарур бўлган кадрларни тайёрлашга хизмат қилмоқда. Бироқ янги давр тизимида фақатгина касбни мукаммал билишнинг ўзи камлик қилади. Айниқса, хорижий давлатларда фаолият юритишни мақсад қилган ёш мутахассислар учун тил билиш кўникмаси муваффақиятнинг энг муҳим калитидир.
Шу боис халқаро дастур жорий этилган техникумларда инглиз тили ҳафтасига беш кун, йилига 600 соат ўқитилади. Бу аввалги кўрсаткичдан уч баробар кўп. “Pearson” дастурини муваффақиятли тамомлаганларга уч даражали диплом берилади. У дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатида тан олинади. Бу эса битирувчининг фақат маҳаллий корхоналарда эмас, хорижда ҳам ўз касби бўйича ишлаш имкониятини кенгайтиради.
Бундай тажриба биргина техникум доирасида қолиб кетмаяпти. Бир йил аввал “Pearson” дастури 14 та техникумда 1 минг 481 нафар ўқувчи билан бошланган эди. Бугун дастур қамровидаги ўқувчилар сони 5 минг 620 нафарга етди. Умуман, бу йил мамлакатда халқаро дастурлар жорий этилган техникумлар сони 104 та бўлди. 42 та касб бўйича 9 минг 310 нафар ўқувчи тўлиқ давлат гранти асосида қабул қилинди. Касбий таълимга қабул эса ўтган йилга нисбатан 50 минг нафарга ошди.
Шунга қарамай, замонавий дастур ва янги жиҳознинг ўзи сифатли мутахассис тайёрлаш учун етарли эмас. Уни ўқитадиган педагог ҳам шу талабга жавоб бериши керак. Азимжон Хусановнинг айтишича, “Pearson” дастури жорий этилишидан олдин техникум аккредитациядан ўтади. Таълим дастури, жиҳозлар ва малака талаблари баҳоланади.
– Ўқитувчилар Англиядан келган мутахассислар томонидан тайёрланади, – дейди у. Имтиҳондан муваффақиятли ўтган педагогларгина дастурда ишлаш ҳуқуқига эга бўлади. Сифат назорати ҳар семестрда халқаро экспертлар томонидан амалга оширилади.
Эътиборли жиҳати, Нукус шаҳридаги ушбу тизимли жараён ҳудудда келгусида яратиладиган янги иш ўринлари билан ҳам чамбарчас боғланган. Айни пайтда шаҳарда умумий қиймати 40 миллион долларни ташкил этувчи йирик саноат зонасини барпо этиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Мазкур янги корхоналар ишга тушиши билан уларда турли йўналишлар бўйича юқори малакали ишчи кучига эҳтиёж туғилади. Шу сабабли техникумда дуал таълим шакли ва етакчи иш берувчилар билан ҳамкорлик алоқалари ҳозирдан кучайтирилмоқда. Бу борадаги ёндашув оддий ва самарали, корхона фаолият бошлаганидан кейин кадр қидириш эмас, балки унга қандай мутахассис зарурлигини олдиндан прогноз қилиб, айнан ўша буюртма асосида кадрларни мақсадли тайёрлашдир.
Касбий таълимнинг меҳнат бозори талабларига тўлиқ мослашиши ҳам айнан мана шундай стратегик режалаштиришдан бошланади. Дастлаб қайси соҳада реал эҳтиёж борлиги аниқланади, сўнгра ўқув дастурлари шу талабга мослаштирилиб, ўқувчига назарий билим билан бирга юқори амалий малака берилади. Натижада, техникумни битирган ёш мутахассис қўлидаги дипломи билан иш қидириб, “менга қаерда иш бор?” деб сарсон бўлмайди. Чунки унинг касбига қаерда талаб борлиги, қандай мезонлар қўйилиши ва ушбу вазифани бажариш учун нималарни билиш кераклиги таълим жараёнининг ўзидаёқ тизимли равишда ҳисобга олинган бўлади. Зеро, бугунги касбий таълимнинг ҳақиқий самарадорлиги берилган дипломлар сони билан эмас, балки ўз мутахассислиги бўйича муносиб иш топиб, жамиятга наф келтираётган битирувчилар билан ўлчанади.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА мухбири