Касб танлаш болаликдан бошланади: янги тизим қандай қулайликлар беради?
Бугун мактаб таълими фақат дарс ва баҳолар билан чекланиб қолмаяпти. Ўқувчининг қайси соҳага қизиқиши, қандай қобилиятга эга эканлиги ва келажакда қайси касбни танлашига мактаб давриданоқ эътибор қаратилмоқда.
Янги ўқув йилидан эса бу жараён янада тизимли тус олади.
2025–2026 ўқув йилида республика бўйича 400 та мактабда ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитиш тизими жорий этилди. Ушбу мактаблардаги 10-11-синфларда таҳсил олган 23 минг 303 нафар ўқувчи танлов асосида ишчи касблар ҳамда ахборот технологияларига оид йўналишларда касб-ҳунар ўрганди. Шу мақсадда 400 та мактабда касбий таълим устаси лавозими ҳам жорий қилинди. Ўқув йили якунига кўра, касб-ҳунар эгаллаган 9 386 нафар 11-синф битирувчисига электрон касбий сертификатлар берилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 2025-2026 ўқув йилидан республикадаги 73 та таълим муассасасида педагогик синфлар ташкил этилди. Уларда 2 минг 164 нафар ўқувчи қамраб олинди. Бу синфларга педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларининг 146 нафар профессор-ўқитувчиси жалб этилди. Яъни ўқувчилар педагог касби ҳақида шунчаки маълумот олибгина қолмай, соҳа мутахассислари билан бевосита ишлаш имкониятига эга бўлди.
Эндиликда 7-9-синфларда “Менинг келажакдаги касбим” дастури асосида ўқувчиларнинг қизиқиши, қобилияти ва иқтидори аниқланиб, улар академик таълим ёки касб-ҳунар йўналишига йўналтирилади. Шу тариқа болага “Ким бўласан?” деган савол 9 ёки 11-синфда эмас, анча эрта берилади. Энг муҳими, унга жавоб топишда боланинг қизиқиши ва қобилияти асосий мезонга айланади. Қайд этилишича, касб-ҳунарга йўналтириш жараёнида 9-синф битирувчилари ҳам қамраб олинмоқда. Республика бўйича 223 мингдан зиёд, яъни 9-синф битирувчиларининг 38 фоизи техникумларга жалб этилди. Бу эса умумий ўрта таълимдан кейин ёшларнинг меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларни эгаллашига имконият яратади.
2026–2027 ўқув йилидан эса мактабгача ва мактаб таълим ташкилотларида узлуксиз касбга йўналтириш дастури амалиётга жорий этилади. Унга кўра, касб танлаш жараёни болаликдан бошланади. 5 ёшдан боғчаларда “Атрофимиздаги касблар” дастури асосида ўйинлар орқали турли касблар ҳақида дастлабки тасаввурлар шакллантирилади. 1-4-синфларда “Касблар алифбоси” дастури орқали болаларга турли касбларнинг аҳамияти тушунтирилиб, уларнинг дастлабки касбий қизиқишлари ривожлантирилади. 5-6-синфларда “Касблар олами” дастури асосида ўқувчиларнинг меҳнат ва касбий фаолият соҳаларига қизиқиши оширилади.
Янги ўқув йилидан тажриба-синов тариқасида 28 та инновацион туман ва шаҳардаги 84 та мактабда “Моҳирлик ва бизнес соатлари” йўлга қўйилади. Унинг асосий мақсади — ўқувчиларни стартап лойиҳалар ишлаб чиқишга ўргатиш. Демак, мактаб ўқувчиси нафақат касб танлаш, балки ўз ғоясини шакллантириш, лойиҳа ишлаб чиқиш ва тадбиркорлик кўникмаларини эгаллаш имкониятига ҳам эга бўлади.
Бугунги меҳнат бозори тез ўзгармоқда. Шу боис ёшларга фақат диплом эмас, касб, амалий кўникма, технология ва ташаббус ҳам керак. Мактабда касбга йўналтириш тизимининг эрта ёшдан бошланиши эса ҳар бир ўқувчининг ўз қобилиятига мос йўлни топишига хизмат қилиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА