Тозалик фақат кўча супурувчилар ёки коммунал хизматларнинг вазифаси эмас
Қўшниларимиздан бири хонадонидан чиққан чиқиндиларини ўзи истиқомат қилаётган кўп қаватли уйнинг шундоқ ёнига улоқтириб кетишни одат қилган. Огоҳлантириш ва танбеҳлардан хулоса чиқармайди. Унингча бу гўё арзимас ишдек кўринади, аммо ташланган ҳар бир пакет ёки қоғоз атрофдагиларга ноқулайлик туғдиради, муҳитни ифлослантиради ва бошқаларга ҳам салбий намуна бўлади.
Аслида, инсоннинг маданияти унинг кундалик оддий одатларида намоён бўлади. Чиқиндини белгиланган жойга ташлаш — жамиятга, қўшниларга ва табиатга бўлган ҳурматнинг энг оддий кўриниши.
Тозалик фақат кўча супурувчилар ёки коммунал хизматларнинг вазифаси эмас. Ҳар бир инсон ўзидан кейин қолдирган чиқинди учун масъулият ҳис қилса, атроф-муҳитни асраш анча осонлашади. Айниқса, пластик пакетлар, бир марталик идишлар ва бошқа маиший чиқиндиларни дуч келган жойга ташлаш табиатга салбий таъсир кўрсатади.

Тез кунларда мамлакатимиз Мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланади. Байрам арафасида жойларда “Долзарб 40 кунлик” ҳамда “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саҳоват ойлиги” доирасида тозалик ва ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилган.
Хусусан, пойтахтда чиқиндилар уюми тозаланмоқда. Аҳоли томонидан белгиланмаган жойларга ташланган чиқиндиларни бартараф этиш мақсадида бир қанча махсус техникалар ва соҳа вакиллари жалб этилган.

Чиқинди ташлаш маданияти оддий қоидалардан бошланади: чиқиндини махсус қутига ташлаш, имкони бўлса уни турига қараб ажратиш, табиат қўйнида чиқинди қолдирмаслик ва бошқаларга ҳам намуна бўлиш. Энг муҳими, болаларда бу одатни кичиклигидан шакллантириш керак. Катталарнинг оддий ҳаракати — қоғозни ерга эмас, қутига ташлаши — бола учун катта тарбия воситаси бўлиши мумкин. Зеро, шаҳар озодалиги ҳар бир фуқаронинг масъулиятли муносабатидан бошланади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА