Касб, даромад ва янги имкониятлар сари очилган йўл
Аёлнинг қўлида касб бўлса, унинг ортидан оилага даромад, хонадонга файз ва жамиятга янги имконият кириб келади. Бухоро вилоятида амалга оширилаётган “Orasta ayol” лойиҳаси ана шу оддий, аммо ҳаётий ҳақиқатни амалиётга айлантирмоқда.
Бугун мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш масаласига фақат моддий ёрдам кўрсатиш нуқтаи назаридан эмас, балки инсоннинг ўз меҳнати билан даромад топиши, касб эгаллаши ва иқтисодий мустақиллигини таъминлаши нуқтаи назаридан ёндашилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг аҳоли даромадини ошириш, камбағал оилаларни доимий даромад манбаига эга қилиш, хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш ва уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган ташаббуслари замирида ҳам айнан шу мақсад мужассам.
“Orasta ayol” лойиҳаси ана шу сиёсатнинг маҳалладаги амалий ифодаларидан бири сифатида аҳамиятлидир.
Лойиҳанинг моҳияти оддий: ижтимоий реестрга киритилган камбағал оилалардаги ишсиз, касб ва даромад манбаига эга бўлмаган хотин-қизларга касб ўргатилади, уларнинг уйларида замонавий хизмат кўрсатиш нуқталари ташкил этилади, зарур жиҳозлар билан таъминланади ва расмий меҳнат фаолиятини йўлга қўйишига кўмаклашилади. Бу ерда эътиборли жиҳат — ёрдамнинг бир марталик эмаслигида.
Камбағал оилага бир марталик моддий кўмак бериш муайян муаммони вақтинча енгиллатиши мумкин. Аммо инсонга касб ўргатиш, ишлаш учун шароит яратиш ва даромад манбаини шакллантириш унинг ҳаётида узоқ муддатли ўзгариш ясайди. “Orasta ayol”нинг асосий фалсафаси ҳам шунда. Яъни, муаммони аниқлаш, касбга ўқитиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ишлаш шароитини яратиш, асбоб-ускуналар билан таъминлаш, даромад манбаини шакллантириш. Бу занжирнинг ҳар бир бўғини бир-бири билан узвий боғланган.
Агар аёлга касб ўргатилиб, аммо ишлаш учун жиҳоз берилмаса — натижа тўлиқ бўлмайди. Жиҳоз берилса-ю, иш жойи бўлмаса — муаммо яна сақланиб қолади. Ишлаш имконияти яратилса-да, фаолиятни йўлга қўйиш бўйича кўмак бўлмаса, ташаббус барқарор даромад манбаига айланмаслиги мумкин. Шунинг учун лойиҳада касб, инфратузилма, жиҳоз ва бандлик бир бутун тизим сифатида қаралаётгани унинг муҳим жиҳатидир.
Лойиҳанинг дастлабки натижалари Бухоро вилояти мисолида ҳам кўрина бошлади. Режага мувофиқ, жорий йилнинг 29 июлдан бошлаб вилоятнинг турли ҳудудларидан 33 нафар хотин-қиз сартарошлик йўналиши бўйича 12 ҳафталик касбий таълим курсларига жалб этилди. Улар Бухоро шаҳри, Бухоро, Когон, Ғиждувон, Вобкент, Шофиркон, Қоракўл, Олoт, Ромитан ва Жондор туманларидан қамраб олинди. Бу рақамнинг ортида 33 та алоҳида тақдир бор. Уларнинг ҳар бири учун ишсизликнинг сабаби, оилавий шароити ва келгусида даромад топиш имконияти турлича. Бироқ лойиҳа уларга умумий ёрдам эмас, аниқ имконият беришни мақсад қилган. Энг муҳими, 33 нафар хотин-қизнинг 27 нафари ўқиш даврида стипендия билан таъминланди.

Бунинг ижтимоий аҳамияти катта. Чунки эҳтиёжманд оиладаги аёл учун касб ўрганиш истагининг ўзи етарли эмас. Унинг ўқиш давридаги кундалик эҳтиёжлари ҳам ҳисобга олиниши зарур. Стипендия эса айни шу даврда хотин-қизнинг таълимдан узилиб қолмаслигига хизмат қилади. Одатда касбий таълим ҳақида гап кетганда, унинг самараси курсни тамомлаганлар ва берилган сертификатлар сони билан ўлчанади. “Orasta ayol”да эса мезон бошқача. Курсни тугатиш — натижа эмас, натижага олиб борувчи босқич. Чунки аёлнинг қўлида сертификат бўлиши унинг даромади пайдо бўлганини англатмайди. Ҳақиқий натижа — унинг касбидан фойдаланиб, мустақил иш бошлаши ва оиласига даромад келтира бошлашидир. Шу нуқтаи назардан, лойиҳа доирасида касбий таълимни тамомлаб, иш бошлаган 22 нафар хотин-қиз учун янги босқич бошланди. Уларнинг 7 нафарига енгил конструкцияли сартарошлик иншоотлари яратилди, 15 нафарининг уй-жойлари замонавий таъмирланди. Энг муҳими, 22 нафарнинг барчаси гўзаллик салони учун зарур жиҳозлар билан таъминланди. Демак, бу ерда “касб ўргатилди” деган маълумотнинг ўзи билан чекланилмаган. Аёлнинг ишлаши учун зарур шароит ҳам яратилган.
— Мен доимо ўз устимда ишлашга, янги касбларни ўрганишга ва оиламга муносиб даромад топишга ҳаракат қилиб келганман, —дейди Когон тумани “Геофизика” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Азиза Ширинова. —Гўзаллик соҳасига аввалдан қизиқишим бор эди. Шунинг учун бу йўналишда билим олиш ва малакали мутахассис бўлишни мақсад қилдим. Бир куни ижтимоий тармоқ орқали гўзаллик соҳасида ўқитиш билан шуғулланадиган марказга мурожаат қилдим. Ўқишни хоҳлаётганимни айтдим. Маслаҳатлашиб, ўқишга боришга қарор қилдим. Уч ой давомида таҳсил олдим ва сертификатга эга бўлдим. Ўқиш давомида кўп нарсаларни ўргандим, ўзимга бўлган ишончим ортди. Кейин эса ўз фаолиятимни бошладим.
Дастлаб мижозларим кам эди. Аммо ишимга меҳр билан ёндашдим, ҳаракат қилдим ва тажриба орттирдим. Вақт ўтиши билан мижозларим сони кўпайиб борди. Шунда яна бир нарсани англадим: инсон қанча кўп ўрганса, ўз касбини қанча яхши эгалласа, унинг имкониятлари шунча ортади. Шу сабабли маникюр ва педикюр йўналишларида ҳам таҳсил олдим. Қўшимча касбий билим ва кўникмаларни эгалладим. Бунинг натижасида хизматлар турини кенгайтирдим, мижозларим янада кўпайди. Ҳозир ҳам ўқишни давом эттириш, янги билимлар олиш ва ўз устимда ишлаш истагим бор. Чунки мен бир жойда тўхтаб қолишни истамайман.
Келажакда янада малакали мутахассис бўлиб, ўз ишимни кенгайтиришни орзу қиламан. Бир куни маҳалладаги ишлар ва тадбиркорлик масалалари билан боғлиқ ҳаракатларим давомида ҳоким ёрдамчиси Саид ака билан боғлиқ имконият ҳақида хабар топдим. Ўша пайтда мен учун бу жуда кутилмаган янгилик эди. Ростини айтсам, жуда хурсанд бўлдим. Бундай имконият бўлишини кутмаган эдим. Чунки шу вақтгача маҳаллага кўп бор мурожаат қилганман, муаммоларимни ҳал қилиш учун кўп ҳаракат қилганман. Баъзан эса натижа бўлишига ишончим ҳам сусайган. Менинг оилавий шароитим, фарзандларим бор. Шунинг учун ўзимни тиклаш, касбим орқали даромад топиш ва оиламга ёрдам бериш мен учун жуда муҳим эди. Шундай вазиятда қўллаб-қувватлаш ва имконият эшиклари очилиши менга катта куч бағишлади. Орадан вақт ўтиб, менга телефон қилишди ва яхши хабарни етказишди. Бу хабарни эшитганимдаги қувончимни сўз билан ифодалаш қийин. Аввалига ишонмадим ҳам. Кейин эса яқинларимга қўнғироқ қилиб, бу янгиликни улар билан бўлишдим. Улар ҳам менинг хурсандчилигимга шерик бўлишди. Мен учун бу шунчаки ёрдам эмас, балки келажакка бўлган ишончимни қайта тиклаган катта имконият бўлди.
Давлатимизда оддий аёлларнинг ҳам меҳнати, интилиши ва орзу-мақсадларига эътибор қаратилаётганини ҳис қилдим. Бугун ўзимнинг доимий мижозларим бор. Улар билан алоқада бўлиб тураман, хизматларимдан мамнун бўлган аёллар яна мурожаат қилишади. Ўз гуруҳимни ҳам ташкил қилганман. Мижозларимга қош ва юз парвариши, маникюр, педикюр, депиляция каби хизматларни кўрсатаман. Мен учун мижозларнинг ишончи жуда муҳим. Шунинг учун тозалик ва гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишга ҳаракат қиламан. Ҳар бир мижозга алоҳида эътибор билан ёндашаман. Илгари бошқа салонларда ишлашимга тўғри келарди. Жой учун ҳақ тўлардим, мижоз тўплашга ҳаракат қилардим. Ҳозир эса ўзимнинг кичик бўлса-да, шахсий иш жойим бор. Бу мен учун катта бахт ва мустақилликдир. Айниқса, байрам кунлари мижозларим кўпаяди. Баъзи кунлари 500–600 минг сўмгача даромад топган пайтларим ҳам бўлади. Бу натижаларга ўз меҳнатим, ҳаракатим ва ўрганишга бўлган интилишим орқали эришяпман. Албатта, ҳали режаларим кўп. Яна ўқимоқчиман, малакамни оширмоқчиман ва келажакда салонимни кенгайтиришни истайман.
Орзум — барча шароитларга эга, замонавий ва чиройли салон очиб, янада кўпроқ мижозларга сифатли хизмат кўрсатиш. Менга ишонч билдирган, қўллаб-қувватлаган, муаммоларимни ҳал қилишда ёрдам берган Президентимга миннатдорчилик билдираман. Мен бир нарсага амин бўлдим: инсонда хоҳиш, ҳаракат ва ишонч бўлса, янги имкониятлар орқали ҳаётини ўзгартириши мумкин. Бугун менинг ҳам ўз мақсадларим, режаларим ва келажакка бўлган умидим бор. Энг муҳими, ўз меҳнатим билан даромад топяпман ва янада юқори натижаларга эришиш учун ҳаракат қиляпман.

Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати — хизмат кўрсатиш нуқталарининг хотин-қизларнинг яшаш хонадонларида ташкил этилаётганидир. Бу, бир томондан, ишсиз аёл учун ижара харажатларини камайтириш имконини берса, иккинчи томондан, аҳолига яқин ҳудудда хизмат кўрсатишни йўлга қўяди. Яъни лойиҳа фақат битта инсоннинг бандлигини таъминламайди. У маҳаллада хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ҳам ривожлантиради.
Бугун уйида сартарошлик хизматини кўрсатаётган аёл эртага ўз фаолиятини кенгайтириши, қўшимча иш ўринлари яратиши мумкин. Шу тариқа бир оила доирасида бошланган ташаббус келгусида кичик бизнес субъектига айланиши эҳтимолдан холи эмас.
Камбағалликни қисқартириш ҳақида гап кетганда, энг муҳим савол — инсонни қандай қилиб доимий даромад манбаига олиб чиқиш мумкин? Жавоб эса меҳнат ва касб билан бевосита боғлиқ.
Агар оилада меҳнатга лаёқатли инсон касбга эга бўлса, унинг ишлаш имконияти яратилса ва ўз меҳнати билан даромад топишига шароит берилса, бу оиланинг ижтимоий ҳолатида барқарор ўзгариш пайдо қилади. Шу маънода, “Orasta ayol” лойиҳасини фақат хотин-қизлар бандлиги лойиҳаси сифатида баҳолаш камлик қилади. Унинг асл мазмуни — камбағал оилани доимий даромад манбаига олиб чиқиш механизмини яратишдир.
Бу ёндашув Ўзбекистонда инсон қадрини юксалтириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатида белгилаб берилган устувор вазифалар билан ҳамоҳанг. Жумладан, Президентнинг 2024 йил 4 октябрдаги “Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорида эҳтиёжманд оилалар муаммоларини манзилли ҳал этиш, улар учун индивидуал дастурларни шакллантириш ва камбағалликдан чиқариш имкониятларини яратишга алоҳида эътибор қаратилган.
“Orasta ayol” ана шу ёндашувнинг амалиётдаги кўринишларидан бири сифатида инсонни тайёр ёрдам олувчидан ўз меҳнати билан даромад топувчи фаол субъектга айлантиришни кўзда тутади.
Албатта, лойиҳанинг дастлабки натижалари қувонарли. Аммо унинг ҳақиқий самарадорлиги фақат ташкил этилган салонлар ёки ўқитилган хотин-қизлар сони билан эмас, балки вақт ўтиши билан баҳоланади.

Масалан, уч ойдан кейин нечта “уй-салон” фаолиятини давом эттиради? Олти ойдан кейин уларнинг даромади қандай ўзгаради? Хизматларига талаб борми? Хотин-қизлар расмий фаолият юритяптими? Улар ўз оиласининг даромадига қанча ҳисса қўша бошлади? Айнан шу саволлар лойиҳанинг ижтимоий таъсирини белгилаб беради.
Шу боис лойиҳада мониторинг ва менторлик механизмларининг назарда тутилгани муҳим. Чунки янги иш бошлаган инсонга фақат жиҳоз бериб қўйишнинг ўзи кифоя эмас. Унга мижозлар билан ишлаш, хизмат сифатини ошириш, молиявий режалаштириш ва фаолиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат ҳам зарур. “Orasta ayol”нинг энг катта ижтимоий аҳамиятини рақамларда эмас, инсон тақдирида кўриш мумкин.
Кеча ишсиз бўлган, касб ва даромад манбаига эга бўлмаган аёл бугун ўз касбига эга. Унинг ишлаш жойи, зарур жиҳозлари ҳамда хизмат кўрсатиш имконияти бор. Энг муҳими, ўз меҳнати билан даромад топиш учун реал имконият яратилган. Бу эса бир оила учун янги иқтисодий таянч демакдир.
Бундай ташаббуслар қанча кўпайса, маҳаллаларда шунча кўп аёл меҳнат бозорига кириб келади, оилаларнинг даромад манбалари кенгаяди, ижтимоий боқимандалик камаяди. Шу нуқтаи назардан, давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган “инсонга тайёр ёрдам бериш эмас, уни даромад топиш имкониятига эга қилиш” тамойили “Orasta ayol” лойиҳасининг мазмун-моҳиятида яққол намоён бўлади.
Зеро, камбағалликни қисқартиришнинг энг самарали йўли — инсоннинг қўлига тайёр маблағ беришдан кўра, унинг қўлига касб, меҳнат қилиш имконияти ва даромад манбаини беришдир.
“Orasta ayol”нинг бугунги натижалари эса шу ғоянинг ҳаётдаги амалий ифодасидир. Энг муҳими, бу лойиҳада гап шунчаки 350 та «уй-салон» ташкил этиш ёки юзлаб хотин-қизларни ўқитиш ҳақида эмас. Гап — ҳар бир хонадонда янги имконият эшигини очиш, ҳар бир аёлни ўз меҳнатига ишонтириш ва оилани барқарор даромад манбаига олиб чиқиш ҳақида. Шунда “Orasta ayol” номи шунчаки лойиҳа номи бўлиб қолмайди. У меҳнат, ўзгариш ва иқтисодий мустақиллик тимсолига айланади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири