Камилла ва Мария ғалаба қозонди, Полина эса...
Уимблдон турнирининг асосий тўр баҳсларида Камилла Раҳимова ва Мария Тимофеева 1/32 финалга йўл олган бўлса, Полина Кудерметова илк босқичда мағлуб бўлди.
Англия пойтахти Лондон шаҳрида теннис бўйича мавсумнинг учинчи “Катта Дубулға” турнири — Уимблдон мусобақаси давом этмоқда. Тарихда илк бор Ўзбекистоннинг уч нафар теннисчиси мусобақанинг яккалик баҳслари асосий тўрида иштирок этаётгани мамлакат тенниси учун муҳим воқелик бўлди.
Қувонарлиси, юртимиз вакилларидан икки нафари илк босқичдан муваффақиятли ўтиб, иккинчи даврага йўл олди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси Камилла Раҳимова украиналик Ангелина Калининага қарши кортга чиқиб, 4:6, 6:4, 7:5 ҳисобида зафар қучди ва навбатдаги босқичда грециялик Мария Саккари билан рақобатлашадиган бўлди.
Шунингдек, яна бир теннисчимиз Мария Тимофеева илк баҳсини бразилиялик Беатрис Ҳаддад Майяга қарши ўтказди ва 6:3, 6:2 ҳисобида зафар қучиб, кейинги даврага чиқди. Энди Мария бельгиялик Элизе Мертенсга қарши кортга чиқади.
Афсуски, Полина Кудерметова учун мусобақа илк босқичдаёқ якунланди. Саралаш турниридаги учта ғалабаси орқали асосий тўрга чиққан ҳамюртимиз дунёнинг 41-ракеткаси Людмила Самсоновага 3:6, 3:6 ҳисобида мағлуб бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА