“Гимнастикага илк қадам” мусобақаси ғолиблари аниқланди
Навоий шаҳридаги 1-сон спорт мактабида “Гимнастикага илк қадам” мусобақасининг вилоят босқичи юқори савияда ташкил этилди.
Мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама соғлом, баркамол ва интеллектуал салоҳиятли этиб тарбиялаш муҳим вазифалардан бирига айланган. Бугунги кунда мактабгача таълим муассасаларида жисмоний тарбия машғулотларини замонавий ёндашувлар асосида ташкил этиш, спорт тўгараклари фаолиятини кенгайтириш ва болаларнинг қобилиятини эрта аниқлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Гимнастикага илк қадам” каби мусобақалар ана шу ислоҳотларнинг амалий натижаси сифатида ёш истеъдодларни кашф этиш, уларни катта спортга йўналтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мусобақада вилоятнинг турли ҳудудларидан келган мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари гимнастика бўйича эгаллаган кўникмалари, эпчиллиги, чаққонлиги ва жисмоний тайёргарлигини намойиш этди.

Мусобақа якунларига кўра, қизлар ўртасида Навбаҳор тумани 2-давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Элнура Қувондиқова биринчи, Кармана туманидаги “Karmana Baby Sad” давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Муштарий Камолиддинова иккинчи, Навоий шаҳри 25-давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Шаҳноза Жамолиддинова эса учинчи ўринни эгаллади.

Ўғил болалар ўртасида эса Кармана туманидаги “Karmana Baby Sad” давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Мустафо Алишеров ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ўрин Зарафшон шаҳри 20-давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Билолжон Бозорқуловга, учинчи ўрин эса Нурота тумани 3-давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Шоҳруз Фарҳодовга насиб этди.

Мусобақа ғолиб ва совриндорлари Навоий вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг дипломлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири