Камилла Раҳимова нуфузли турнирни ғалаба билан бошлади
Камилла Раҳимова жуфтлик баҳсларида ўз ўйинига мос шериги билан самарали тандем ҳосил қилиб, биринчи даврадан ўтди.
Англиянинг Истборн шаҳрида WTA 500 тоифасига кирувчи “Lexus Eastbourne Open – 2026” халқаро теннис турнирида Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Камилла Раҳимова жуфтлик баҳсларини муваффақиятли бошлади.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, Камилла Раҳимова жуфтликлар ўртасида япониялик Мию Като билан жуфтлик ҳосил қилиб, илк босқичда британиялик теннисчилар Эмили Аплтон ва Алисиа Дюдени дуэтига қарши кортга чиқди. Учрашувда Камилла ва Мию 6:2, 7:5 ҳисобида зафар қучди.
Энди мукофот жамғармаси 499 минг АҚШ долларини ташкил этувчи “Lexus Eastbourne Open – 2026” турнирининг иккинчи босқичида К.Раҳимова ва М.Като иккинчи даврада бразилиялик Луиза Стефани ва канадалик Габриэла Дабровски билан куч синашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА