Журналистлар спорт турларида баҳслашди
Наманган шаҳрида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда ижтимоий тармоқлар фаоллари иштирокида шахмат-шашка ва стол тенниси бўйича анъанавий мусобақалар ташкил этилди.
Мустақиллигимизнинг ўттиз беш йиллигига бағишлаб, “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратайлик!” эзгу ғояси асосида уюштирилган мусобақада хотин-қизлар шахмат-шашкада ўз ақлий салоҳиятини намоён этган бўлса, эркаклар стол тенниси беллашувларида эпчиллиги ва чапдастлигини кўрсатди.
Мусобақаларда гарчи ҳаваскор спортчилар куч синашган бўлса-да, ғолиблик учун ҳар бир кураш қизиқарли ва муросасиз тарзда кечди.

“Баркамол авлод” спорт мажмуасида бўлиб ўтган шахмат-шашканинг якуний натижаларига кўра, “Тиббиёт ва замон“ журнали муҳаррири Манзура Эргашева ғолибликни қўлга киритди. “Саодат“ журналининг Наманган вилояти бўйича мухбири Шаҳло Тошбекова иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, кучли учликни “Машраб” нашриёти вакили Дилором Эргашева якунлаб берди.

Эркаклар ўртасидаги стол тенниси беллашувлари “Паҳлавон” спорт мажмуасида ўтиб, унда блогер Жобир Алихоновга тенг келадиган муносиб рақобатчи топилмади. “Ўзбекистон 24” телеканалининг Наманган вилояти бўйича телеоператори Мансурбек Ҳайдаров шоҳсупанинг иккинчи поғонасига кўтарилди. Фахрли учинчи ўрин эса, яна бир ижтимоий тармоқ фаоли Зайнобилло Давроновга насиб этди.
Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Наманган вилояти бўлими раиси вазифасини бажарувчи Гулчеҳра Бувамирзаеванинг қайд этишича, ижодкорлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришга қаратилган бу каби мусобақалар келгусида спортнинг бошқа турлари бўйича ҳам анъанавий равишда мунтазам ўтказиб борилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.