8 давлатнинг ёш дзюдочилари Диёра Келдиёрова иштирокидаги машғулотларда қатнашмоқда
Шу кунларда пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” яккакурашлар мажмуасида дзюдо бўйича Чехия, Руминия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, БАА ва Тожикистондан келган 350 нафарга яқин ўсмирлар ва Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари иштирокида халқаро ўқув-машғулот йиғини ўтказилмоқда.
Халқаро ўқув-машғулот йиғинида халқаро турнирлар ғолиби, “Париж-2024” Олимпиадаси чемпиони Диёра Келдиёрова ҳам иштирок этаётгани, ёш спортчиларга техник-тактик усуллар жамланмасини тақдим қилаётгани катта руҳий қувват бағишламоқда.

Нафақат ўзбек, жаҳон спортининг ёрқин вакили Д.Келдиёрова билан биргаликдаги машғулотлар ёш спортчилар учун кучли илҳом манбаи, шунингдек, дунёнинг энг кучли дзюдочиларидан бири билан тажриба алмашиш имкониятини яратмоқда.

“Олимпия шаҳарчаси”нинг кенг имкониятларидан баҳра олаётган хорижий давлат терма жамоалари учун ушбу машғулотлар йилнинг асосий мусобақаси ҳисобланган жаҳон чемпионатига тайёргарликнинг муҳим босқичи ҳисобланади.
Халқаро ўқув-машғулот йиғини 1 августга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА