Жиззахда тиббиёт тизими танқидий таҳлил қилинди
Президент Администрацияси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг масъул ходимлари Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Дилмурод Худайшукуров ва вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Маҳмарасул Умаров ҳамроҳлигида Жиззах тиббиёт кластери ҳамда Ғаллаорол тумани соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини ўрганди. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини таҳлил қилиш, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини баҳолаш ва тизим олдида турган устувор вазифаларни белгилаб олишдан иборат бўлди.
Ўрганишлар давомида тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси, инфратузилмаси, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ҳамда уларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган ишлар атрофлича кўздан кечирилди. Мавжуд имкониятлар билан бир қаторда, ечимини кутаётган масалалар ҳам таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.
Куннинг иккинчи ярмида хусусий тиббиёт муассасалари вакиллари, фармацевтика соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳамда давлат тиббиёт муассасалари раҳбарлари иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди. Учрашувда соҳадаги долзарб масалалар муҳокама қилиниб, иштирокчиларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Билдирилган фикрлар асосида хусусий тиббиёт секторини қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, тиббий хизматлар сифатини янада ошириш ва соҳани изчил ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари ҳамда Республика ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасалари вилоят филиаллари раҳбарлари иштирокида семинар ташкил этилди.
Семинарда Комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бошқармасининг вилоят бўйича ҳудудий бош мутахассиси Ғ. Абдураҳмонов томонидан 2026 йил 22 июнда қабул қилинган Қонуннинг мазмун-моҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди.
Тақдимот давомида коррупциявий ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликнинг кучайтирилгани, комплаенс тизими ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, раҳбар кадрларнинг шахсий масъулиятига оид янги талаблар ҳамда қонунчиликка киритилган қўшимча ва ўзгартишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Семинар якунида жорий йилнинг ўтган даврида соғлиқни сақлаш тизимида қайд этилган ҳуқуқбузарликлар танқидий таҳлил қилиниб, муассаса раҳбарларига коррупциянинг олдини олиш, давлат харидлари ва молиявий фаолиятда қонунчилик талабларига сўзсиз риоя этиш, шунингдек, ходимларнинг коррупцияга қарши ҳуқуқий билими ва амалий кўникмаларини мунтазам ошириб бориш юзасидан аниқ вазифалар юклатилди.
Таъкидланганидек, соғлиқни сақлаш тизимида тиббий хизматлар сифатини юксалтириш, очиқлик ва шаффофлик тамойилларини янада мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши муросасиз муҳитни қарор топтириш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган ислоҳотларни изчил давом эттириш устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири