Жиноят кодексининг янги лойиҳасида коррупциявий жиноятлар доираси кенгаймоқда
Глобаллашув шароитида кундалик ҳаётимиз жадал суръатлар билан ривожланиб, турли янги ижтимоий муносабатлар юзага келмоқда. Шунга мос равишда амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарурати туғилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси ҳам мамлакатда олиб борилаётган жиноят-ҳуқуқий сиёсатга мувофиқ такомиллашмоқда.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойланган Жиноят кодекси лойиҳаси Президентимизнинг 2018 йил 14 майдаги “Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Мазкур лойиҳада Жиноят кодексининг қатор моддалари ўзгартиш ва қўшимчалар билан тўлдирилган, янги нормалар киритилган. Бу ўзгаришлар шахсни, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини кучайтириш билан боғлиқ.
Жиноят қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳаси умумий ва махсус қисмлардан иборат бўлиб, жами 395 моддадан ташкил топган.
Лойиҳанинг еттинчи бўлимига “Жиноятни содир қилиш қуроллари ёки предметларини, жиноий йўл билан топилган мол-мулк ва пул маблағларини мусодара қилиш жиноий-ҳуқуқий таъсир чораси” деб номланган янги боб қўшилган.
Ушбу бобда жиноятчи шахс жиноят содир этган қуролини, жиноий йўл билан қўлга киритилган мол-мулк, пул маблағларини мусодара қилишга оид нормалар билан тўлдирилган. Алоҳида қайд этиш керакки, лойиҳада коррупциявий жиноятлар доираси аниқ белгиланган. Яъни имтиёзлар ва преференцияларни қўллашни ғайриқонуний равишда рад этиш, қўлламаслик ёки қўллашга тўсқинлик қилиш, мансабга совуққонлик билан қараш, ҳокимият ҳаракатсизлиги, мансаб сохтакорлиги, пора олиш, пора бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш каби мансабдорлик жиноятлари коррупциявий жиноятлар сифатида кўрсатилган.
Бундан ташқари “ёш бола”, “қария”, “нафрат ва адоват замирида”, “тамагирлик ниятида”, “оғир оқибатлар”, “паст ниятлар” тушунчалари мазмуни ёритилган. Ушбу тушунчалар мазмунининг ёритилиши, уларга аниқ таъриф бериш содир этилган қилмишга тўғри ҳуқуқий баҳо беришга замин яратади.
Амалдаги жиноят қонунига мувофиқ нафақат жиноят содир этиш, балки оғир ёки ўта оғир жиноятларга тайёргарлик кўрганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Лойиҳада мустаҳкамланишича, агар қилмиш иштирокчиликда содир этилмаган бўлса, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларга тайёргарлик кўрганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмаслиги таклиф этилмоқда.
Шунингдек, махсус топшириқни бажариш вақтида жиноят содир этилиши қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолат сифатида қайд этиш назарда тутилган.
Маълумки, жиноят қонунида жазо институти марказий ўринни эгаллайди. Шу нуқтаи назарда Жиноят кодексининг янги лойиҳасида ҳам жиноий жазо ва уни тайинлаш юзасидан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Жумладан, жиноий жазо тизимидан муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо чиқарилган.
Ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазо чиқарилиб, унинг ўрнига иш ҳақидан ушлаб қолиш тариқасидаги жиноий жазо киритилган. Маҳкумларга асосий жазолардан ташқари фахрий ёки даражали унвон, дипломатик мақом, малака тоифаси ёки давлат мукофотларидан маҳрум қилиш тарзидаги қўшимча жазо ҳам қўлланилиши мумкинлиги белгиланган.
Худди шунингдек озодликни чеклаш тариқасидаги жазо тайинланганида қўлланиладиган тақиқ (чеклаш)лар пробация институтининг мажбуриятлар ва тақиқлар (чеклашлар) қисмига ўтказилган. Озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жиноий жазонинг минимал муддати бир ойдан олти ойга ўзгартирилган.
Жиноят қонунининг юқорида қайд этилган ҳолатлар билан такомиллаштирилиши унинг вазифа ва принципларига мос бўлиб, ижтимоий муносабатларнинг тараққиёти билан боғлиқ.
Мухтасар айтганда, Жиноят кодексининг янги лойиҳасида жиноий қилмишлар учун жазо муқаррарлигининг таъминланиши кучайтирилди. Кодекснинг қабул қилиниб, кучга кириши инсон ҳуқуқлари ҳимоясига, жамият хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
З.Шамсидинов,
ТДЮУ ўқитувчиси.
ЎзА