ЖЧ-2026: Германия ва Нидерландия плей-оффда "қоқил"ди
Германия ва Нидерландия терма жамоаси мундиални бу тарзда тарк этишини кутмаган эди. Парагвай ва Марокаш эса...
АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қилаётган футбол бўйича ХХIII жаҳон чемпионати плей-офф босқичида яна икки сенсацион натижа қайд этилди. Германия ва Нидерландия терма жамоалари мусобақа билан хайрлашган бўлса, Парагвай ҳамда Марокаш кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритди.
Парагвай ва Германия ўртасидаги баҳснинг асосий ҳамда қўшимча вақтлари 1:1 ҳисобида якунланди. Жанубий америкаликлар сафида Хулио Энсисо 42-дақиқада ҳисобни очган бўлса, иккинчи бўлим аввалида Кай Ҳаверц мувозанатни тиклади. Қўшимча бўлимнинг 102-дақиқасида Германиянинг голи VAR қарори билан бекор қилинди.
Пенальтилар сериясида эса Парагвай 4:3 ҳисобида устун келиб, нимчорак финалга йўл олди.
Мазкур баҳсда Парагвай терма жамоаси ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионати плей-офф босқичида гол урди. Германия дарвозабони Мануэль Нойер эса мундиалда кетма-кет ўнинчи учрашувида гол ўтказиб юбориб, ушбу кўрсаткич бўйича антирекордни такрорлади. Шундан сўнг тажрибали дарвозабон терма жамоадаги фаолиятини якунлаганини эълон қилди.

Парагвай энди чорак финал йўлланмаси учун Франция — Швеция жуфтлиги ғолиби билан куч синашади.
Яна бир учрашувда Марокаш Нидерландияни пенальтилар сериясида 3:2 ҳисобида мағлуб этиб, нимчорак финалга чиқди. Асосий ва қўшимча вақт 1:1 ҳисобида тугади. Нидерландия сафида Коди Гакпо 72-дақиқада ҳисобни очган бўлса, Марокаш 90+1-дақиқада Исса Диопнинг голи эвазига мувозанатни тиклади.

Марокаш нимчорак финалда Канада терма жамоасига қарши майдонга тушади. Учрашув 4 июль куни АҚШнинг Хьюстон шаҳрида бўлиб ўтади.
Бугун, 30 июнь куни плей-офф босқичининг навбатдаги баҳсида Норвегия ва Кот-д’Ивуар терма жамоалари ўзаро куч синашади. Мамлакатимиз вақти билан соат 22:00 да бошланадиган ушбу учрашув ғолиби нимчорак финалда Япония терма жамоасига қарши майдонга тушади.
Маълумот учун, Тошкент вақти билан 1 июль куни соат 02:00 да Франция ва Швеция, соат 06:00 да Мексика ҳамда Эквадор терма жамоалари рақобатлашса, 21:00 да Англия ва Конго ДР термалари баҳсига гувоҳи бўламиз.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА