Жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётларни ўқиш тавсия қилинади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларни жазони ўташ даврида тўғри маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётларни ўқиганлиги фактини тасдиқлаш бўйича комиссия фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларда тўғри маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётлар рўйхати ҳар йили 1 январга қадар тасдиқланиб, бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига тақдим этилади.
Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг жазони ўташ даврида тўғри маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётларни ўқиганлиги фактини тасдиқлаш бўйича имтиҳон махсус дастурий таъминот орқали инсон омилини истисно этган ҳолда, тест синовлари шаклида ўтказилади.
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳар йили Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан биргаликда адабиётлар рўйхати асосида тест топшириқларини шакллантиради ва Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан махсус дастурий таъминотга жойлаштирилади.
Қарор билан Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг жазони ўташ даврида тўғри маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётларни ўқиганлиги фактини тасдиқлаш бўйича комиссия фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Энди икки ой муддатда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментининг “E-mahkum” ахборот тизими доирасида маҳкумларни тест синовларидан ўтказиш бўйича алоҳида модуль яратилади.
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти тасарруфидаги жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг жазони ўташ даврида тўғри маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётларни ўқиганлиги фактини тасдиқлаш бўйича комиссия фаолиятини белгилайди.
Комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатларига ва ушбу Низомга амал қилади.
ЎзА