Хоразмда 35 нафар етим боланинг хатна тўйи ўтказилди
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан "Вақф" хайрия жамоат фондининг Хоразм вилояти филиали томонидан кам таъминланган ҳамда боқувчисини йўқотган оилаларда вояга етаётган 35 нафар етим болажоннинг хатна тўйлари ташкил этилди.
Эзгулик, меҳр-оқибат ва саховат тамойиллари асосида ўтказилган ушбу тадбир болажонлар ва уларнинг оила аъзолари учун унутилмас байрамга айланди.
Тадбирда "Вақф" хайрия жамоат фонди бошқаруви раҳбарияти, маҳаллий мутасаддилар, нуронийлар, ҳомийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва саховат қадриятларини янада мустаҳкамлаш, айниқса, етим ва эҳтиёжманд болаларни қўллаб-қувватлаш эзгу амалларнинг энг улуғларидан бири эканини таъкидлади.

Тадбир аввалида барча болаларга қимматбаҳо совғалар топширилиб, уларнинг юзидаги қувонч ва самимий табассум байрамга янада файз бағишлади.
Тадбир давомида "Вақф" хайрия жамоат фондининг Хоразм вилояти филиали томонидан амалга оширилаётган хайрия ишлари алоҳида эътироф этилди.
– Бундай хайрия тадбирлари болаларнинг қалбига қувонч улашиш, уларни жамият эътиборида эканини ҳис қилдириш билан бирга, жамиятда бирдамлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади, – дейди "Вақф" хайрия жамоат фонди бошқаруви раиси ўринбосари Ойбек домла Хушвақов. – "Вақф" хайрия жамоат фонди бундан буён ҳам жамиятнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, етим ва боқувчисини йўқотган болалар ҳамда эҳтиёжманд оилаларга кўмак бериш йўлидаги эзгу фаолиятини изчил давом эттиради.

Байрам дастури болаларга қувонч улашиш мақсадида турли маданий-кўнгилочар чиқишлар билан бойитилди. Таниқли санъаткорларнинг куй-қўшиқлари, болалар учун махсус тайёрланган шоу дастурлар ва қизиқарли ўйинлар тадбирга ўзгача файз бағишлади.
Байрам якунида ушбу эзгу тадбирнинг ташкил этилишига ўз ҳиссасини қўшган барча ҳомийлар, саховатпеша инсонлар, мутасадди ташкилотлар ҳамда фидокор ходимларнинг хизматлари эътироф этилди. Уларнинг барчаси ҳаққига дуойи хайрлар қилиниб, амалга оширилаётган хайрли ишлар бардавом бўлиши, юртимизда меҳр-мурувват ва саховат анъаналари янада ривож топишини тилаб, дуо қилинди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири