Жасминанинг юрак нуқсони бир кунда тузалди
Республика кардиология илмий амалий маркази Хоразм вилояти филиалида техник жиҳатдан мураккаб даволаш амалиёти бажарилди.
Нанотехнология кашфиёти бўлган бу амалиёт мураккаб бўлсада, оператив муолажа бўлмаслиги, асоратлар камлиги ва бемор тез кунда оёққа туриб кетиши билан аҳамиятлидир.
Республика кардиология илмий амалий маркази Хоразм вилояти филиалида кейинги йилларда юрак билан боғлиқ мураккаб оператив муолажалар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда бу ерда коронарография, томирлар ангиографияси, коронар томирларни стендлаш, балонли вальвулопластика, аортакоронар шунтлаш, юрак орттирилган нуқсонларидан клапанларни протезлаш, аорта ва унинг шохларида, юрак туғма нуқсонларида қилинадиган жарроҳлик амалиётлари бажарилади.
Юрак бўлмачалараро ва қоринчалараро тўсиқ нуқсонларини окклюдер ёрдамида бартараф этиш эса кардиожарроҳликда янги даврни очиб берди. Физиологик ҳолатда соғлом одам юрак бўлмачалари ва қоринчалари орасида тўсиқлар бўлиши керак. Бу тўсиқлар организм мотори бўлган юрак қон ҳайдаш тизимининг аниқ ҳаракатини таъминлайди. Мана шу тўсиқларда нуқсон бўлса, юрак етишмовчилиги юзага келади, ҳаёт учун хавф туғдиради.
Замонавий нанотехнологиянинг мўъжизаси бўлган имплантант- окклюдер. Ушбу кичикгина имплантант тўсиқлардаги нуқсонни бартараф этади. Бунинг учун оёқ томирларидан қирилиб, окклюдер деффектли жойга олиб борилади ва шу ернинг ўзига ўрнатилади. Вақт ўтган сари окклюдер нуқсонли жойда ўрнашади, устидан табиий равишда тўқималар қопланади.
Бундай амалиётдан кейин бемор бутунлай соғайиб кетади. Асосийси, кўкрак соҳаси кесилмайди, операция қилинмайди. Табиийки, енгил муолажадан кейин асоратлар ҳам бўлмайди. Бундай муолажа айниқса юрак нуқсони билан туғилган болажонлар учун жуда қулай.
Филиалда бу каби муолажалар жорий йилнинг бошидан буён қилинмоқда. Албатта, янги амалиётнинг самарали бўлишида хорижий шифокорларнинг ҳамкорлиги катта роль ўйнайди. Амосов номидаги Украина юрак қон томир жарроҳлиги институтининг бир гуруҳ шифокорлари бу ерда бўлиб, бизнинг мутахассисларга маҳорат мактаби ўтишди. Шифокорларимиз уларнинг қилаётган амалиётларини кузатишди.
– Маҳаллий шифокорлар билан биргаликда юрак нуқсонларини бартараф этиш муолажаларини олиб бормоқдамиз, – дейди Амосов номидаги Украина юрак қон томир жарроҳилиги институтининг эндоваскуляр хирурги Богдан Черпак.
– Замонавий тиббий технология бўлган окклюдер ёрдамида юрак бўлмачалараро ва қоринчалараро тўсиқ нуқсонларини биргаликда муолажа қилдик. Биринчи куни маҳаллий шифокорларнинг ўзи амалиётни мустақил олиб бордилар, мен кузатиб турдим. Иккинчи куни эса мураккаб эндоваскуляр операция бўлгани учун бироз аралашдим. Филиалда бу каби амалиётларни олиб бориш учун барча шароитлар етарли, мутахассислардан эса кўнглим тўқ.
Ушбу амалиёт маҳаллий шифокорларимиз томонидан самарли йўлга қўйилаётгани болажонларимизнинг шу ерни ўзида жаҳон стандартларига тўла мос келадиган юрак нуқсонини бартараф этиш муолажаларини олишига ва соғлом ҳаётга қайтишига имкон яратади.
– Украиналик шифокор ва мутахассислар билан ҳамкорликда тўққиз нафар жажжи болажонларда жарроҳлик амалиётини ўтказдик, – дейди республика кардиология илмий амалий маркази Хоразм вилояти филиали интервенцион хирургия бўлими мудири Руслан Матназаров.
– Ушбу амалиётларнинг барчаси мураккаб жараён бўлиб, замонавий жарроҳлик технологияларидан фойдаланилди. Чунки, жарроҳлик амалиёти очиқ ҳолда эмас, балки болажоннинг юрак соҳаси кесилмасдан оёқ томирлари орқали кириб борамиз ва нуқсонларни бартараф қиламиз.
Энг қувонарлиси кичкинтойларга умуман норкоз берилмайди. Танага игна тешиги орқали кирилгани учун, жарроҳлик жароҳатлари, унинг излари умуман қолмайди. бунинг натижасида амалиётнинг эртаси куниёқ болажонларга энди “бемор” эмас, “соғлом” деб қаралади ва ўз уйига рухсат берилади.
– Неварам, Жасмина ҳозир 5 ёшда, – дейди Ҳаввожон Мадраҳимова. – У туғилганида юрагида нуқсони билан туғилган. Мутахассислар чақалоқ уч ойлик бўлгунга қадар ўзи бартараф бўлиб кетиш эҳтимоли бор дейишган эди. Бироқ, 10 кунча олдин юрагида қаттиқ оғриқ пайдо бўлди. Филлиалга олиб келдик.
Шифокорлар окклюдер ёрдамида юрагидаги нуқсонни бутунлай бартараф этди. Кечагина муолажа олган неварам бугун бемалол ўрнидан туриб, ўйнай бошлади. Агар бундан 1-2 йил олдин бўлганда Жасминага оператив муолажа тавсия этилар эди. Янги тиббий технологиянинг жорий этилганлиги уни мураккаб жарроҳлик амалиётидан қутқарди. Шифокор ва мутахассислардан жуда миннатдормиз.

