Жамоат хавфсизлигини таъминлашда масъулият ва назорат кучайтирилади
Ички ишлар вазирлигида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли осойишталигини мустаҳкамлаш борасида давлат раҳбари томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъуллари, Вазирлар Маҳкамасининг маҳалла ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутасаддилари, Ички ишлар вазири ва соҳавий хизмат раҳбарлари, Миллий гвардия, Бош прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти ҳамда ҳудудларда ҳокимлар ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун масъул раҳбарлар видеоселектор тарзида иштирок этди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг тегишли қарор ва топшириқларда белгиланган вазифаларнинг ҳудудларда амалга оширилиши, ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини барвақт аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш, профилактик ишларни самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахслар билан манзилли профилактик ишларни кучайтириш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш, масъул идоралар ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича вазифалар белгиланди.
Муҳокама давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, белгиланган чора-тадбирларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш ҳамда ижро интизомини кучайтириш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Тадбирда ташкилий масала кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан полковник Темур Исмоилов Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимидан озод этилди.

Янги тайинланган раҳбарга жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган истиқболли вазифалар юклатилди.
Тизимни рақамлаштириш бўйича вазифалар ижросини қатъий назоратга олиш, ички ишлар органларининг бошқа давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини кучайтириш, жамоат тартибини сақлашнинг замонавий усулларини кенг жорий этиш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишончини янада оширишга қаратилган чораларни самарали ташкил этиш талаби қўйилди.
Йиғилиш кун тартибига кўра мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий-ижтимоий воқеалардан бири – Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган байрам тадбирларини юқори савияда, энг муҳими, аҳоли учун хавфсиз ва осойишта шароитда ташкил этиш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирлар ўтказиладиган ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, транспорт ҳаракатини тартибга солиш, одамлар гавжум жойларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда фавқулодда ҳолатларнинг юзага келиш эҳтимолини барвақт бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов жамоат хавфсизлигини таъминлашда ҳар бир хизматнинг вазифаси аниқ белгиланиши, куч ва воситалар олдиндан ҳисоб-китоб қилиниши, масъуллар ҳудудлардаги вазиятни тўлиқ назорат қилиши лозимлигини қайд этди.

Тадбирлар давомида фуқароларнинг мурожаатларига тезкор муносабат билдириш, йўл-транспорт ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, жамоат жойларида тартибни сақлаш ва профилактик чораларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш вазифаси қўйилди.
Видеоселектор орқали ҳудудлардаги вазият ҳам таҳлил қилиниб, жойларда байрам тадбирларини ўтказишга тайёргарлик ҳолати юзасидан масъул раҳбарларнинг ахборотлари эшитилди.
Ҳудуд раҳбарларига ҳар бир тадбир ўтказиладиган манзил бўйича хавфсизлик чоралари, жалб этиладиган куч ва воситаларни қайта кўриб чиқиш, масъул ходимларни бириктириш, транспорт ва пиёдалар ҳаракатини тартибга солиш, таълим муассасалари атрофида хавфсиз муҳитни таъминлаш, аниқланган камчиликларни тадбирлар бошлангунига қадар бартараф этиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Н.Абдураимова, ЎзА