Болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари давлат ҳимоясида
Андижонда бола ҳуқуқлари ҳимоясининг кафолатларини янада кучайтириш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш ҳамда оилавий ажримларнинг олдини олиш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Андижон вилояти суди, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Оила ва хотин-қизлар вилоят бошқармалари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда мамлакатимизда болалар ҳуқуқлари, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ҳимоясини кучайтириш, оилавий ажралишларнинг олдини олишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.


Жумладан, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини асраш, таълим олиши, оилада тарбияланиши, ҳар томонлама камол топиши учун зарур шароитлар яратиш, шу билан бирга, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ўз вақтида аниқлаш, уларга зарур ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тиклаш ҳамда бундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўрилаётганлиги қайд этилди.
Вилоятда оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш борасида ҳам зарур ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилнинг 9 ойи якуни бўйича ажралишлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 72 тага камайган. Бироқ, бу борадаги мавжуд вазият ажралишларнинг бартараф этиш борасидаги ишларни янада кучайтиришни тақозо этади.
Давра суҳбатида вилоят, туман, шаҳарлардаги Оила ва хотин-қизлар масканлари томонидан 2026 йилнинг 9 ойи давомида жами 37 минг 365 та хизмат кўрсатилганлиги қайд этилди. Жумладан, 21 минг 416 нафар никоҳланувчи ёшлар оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича ўқитилди, ажрашиш арафасида турган 1 минг 377 та оила яраштирилди, низоли оилаларнинг 1 минг 459 та нафар аъзоси “Масъулиятли ота-она курслари”да ўқитилди, 852 нафар хотин-қизга ҳуқуқий, 1 минг 24 нафар хотин-қизга психологик, шунингдек, 329 та низоли оилага методик, консультатив ва амалий ёрдамлар кўрсатилди.


Давра суҳбатида иштирокчилар томонидан мавзу доирасидаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Умуман, болалар ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари давлат ҳимоясида эканлиги алоҳида қайд этилди.
Якунда, жабрланган хотин-қизларнинг ҳуқуқларини тиклаш, қонунчиликда белгиланган ҳимоя чораларини самарали қўллаш ва масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири.