Жаҳоннинг икки буюк инсонига эҳтиром
Барча ҳудудларда бўлгани каби “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖга қарашли корхоналар ва барча бўлинмаларида ҳам Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 541 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Жумладан, Жанубий кон бошқармасининг Нуробод шаҳриги “Нуробод” маданият саройи ва Маржонбулоқ шаҳарчасидаги муассасада ҳам маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.

Тадбирларда “Авлиёларнинг авлиёси”, “Мутафаккирларнинг мутафаккири”, “Шоирларнинг султони”, дея эътироф этилган улуғ аллома ҳамда шоҳ ва шоир Бобурнинг ҳаёт йўлини ўрганиш, унинг асарларини таҳлил ва талқин қилиш бугунги кун ёшларининг ҳар томонлама баркамол шахс бўлиб камолга етишида муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланди.

– Бу икки буюк шахс сиймоси нафақат буюк мутафаккир, балки халқпарвар давлат ва жамоат арбоби, юрт ободлиги, халқ фаровонлиги, маънавият ва маданият ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшган даҳо сифатида ҳамиша кўз ўнгимизда гавдаланади, – дейди Жанубий кон бошқармаси Ахборот ва маънавият-маърифат гуруҳи раҳбари Дилдора Атабаева. – Улуғ бобокалонларимиз асарларини мутолаа қилар эканмиз, уларнинг ҳар бир байти ҳикмат, ҳар бир ташбеҳи мўъжизага бой эканлигини теранроқ англаб бораверамиз. Зеро, улар яратган бебаҳо асарлар бутун башариятнинг маънавий мулкига айланиб улгурган. Уларнинг асарларида тилга олинган Ватанга муҳаббат, ота-онага ҳурмат каби инсоний фазилатлар бугунги кунда ҳам заррача бўлса-да, ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Бадиий кечаларда Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг кенг ва серқирра ижодидан намуналар ўқилди, унинг ғазаллари асосида яратилган мумтоз қўшиқлар куйланиб, асарларидан саҳна кўринишлари намойиш этилди.


А.Бўриев, ЎзА мухбири