Жаҳолатга қарши маърифат
Тошкент давлат транспорт университетида ўтказилган маънавий-маърифий учрашув шундай номланди.
Университет профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этган тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита вакили Жаҳонгир Мелиқўзиев сўзга чиқиб, бугунги кунда дунёда кечаётган мураккаб сиёсий жараёнлар ва ахборот оқимлари шароитида ҳар бир инсон, айниқса, ёшлар учун ҳушёрлик ва танқидий фикрлаш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Тадбир давомида тинчлик ва барқарорликни асраш, миллий ҳамда маънавий қадриятларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, шунингдек, ҳар қандай бузғунчи ғояларга қарши энг кучли восита сифатида илм-маърифатни ривожлантириш зарурлиги ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.

Таъкидландики, бугунги глобаллашув ва рақамли ахборот алмашинуви даврида интернет тармоғи орқали одам савдоси, гиёҳвандлик, терроризм ва диний экстремизм каби салбий ғояларни тарғиб қилиш ҳолатлари ортиб бормоқда. Бу нафақат мамлакатимиз, балки бутун жаҳон ҳамжамияти учун жиддий хавф туғдиради.
Шу каби таҳдидларга қарши энг самарали йўл ёшларнинг билим ва онг даражасини ошириш, уларни юксак маънавиятли қилиб тарбиялаш муҳим экани алоҳида қайд этилди. Улар фақат касбий билимлар билан чекланиб қолмасдан, жамият олдидаги масъулиятини чуқур ҳис этиши ва Ватан тараққиёти йўлида фаол бўлиши зарурлиги айтиб ўтилди.
Тадбир якунида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА