Изланиш ва меҳнат самараси
Навоий вилояти Хатирчи туманида замонавий иссиқхона хўжаликлари фаолияти кенгайиб, сабзавот маҳсулотлари етиштириш ҳажми ортиб бормоқда. Бу борада Бекмуродовлар оиласи томонидан ташкил этилган иссиқхона хўжалиги ҳам ўзининг самарали фаолияти билан ажралиб туради.
2017 йилда кўп йиллар мактабда ўқитувчилик қилган Қаҳрамон Бекмуродов фарзандлари Умиджон ва Азизжон билан биргаликда туманда биринчилардан бўлиб Корея технологияси асосида 1 гектар майдонда замонавий иссиқхона ташкил этди. Ўша пайтда ҳудуд учун янгилик бўлган ушбу ташаббус дастлаб кўпчиликда қизиқиш ва айрим шубҳаларни ҳам уйғотган эди.
Бироқ пухта ўйланган бизнес режа, изланиш ва тинимсиз меҳнат ўз самарасини берди. Иссиқхонада етиштирилган маҳсулотлар нафақат ички бозорга, балки Россия ва Қозоғистонга ҳам экспорт қилина бошланди.
Мазкур тажриба тумандаги бошқа тадбиркорларни ҳам замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил этишга ундади. Маҳаллий ҳокимликнинг қўллаб-қувватлаши натижасида ҳудудда янги иссиқхоналар барпо этилиб, сабзавотчиликнинг ушбу йўналиши ривожлана бошлади.
Бекмуродовлар оиласи ҳам фаолиятини изчил кенгайтирди. Бугун улар асос солган «Xatirchi agrogreen hоuse» хусусий корхонаси тасарруфида 16,5 гектар майдонда иссиқхона мавжуд. Бу ерда помидор, бодринг, булғор қалампири ва бақлажон каби сабзавотлар етиштирилмоқда.
Замонавий агротехнологиялардан самарали фойдаланиш натижасида гектаридан 50 тонна помидор, 80 тонна бодринг ҳосили олинмоқда. Шунингдек, ҳар йили сабзавотларнинг янги навлари синовдан ўтказилиб, ҳосилдорлик ва маҳсулот сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
[gallery-32057]
Қаҳрамон Бекмуродов ўз тажрибасини бошқа тадбиркорлар билан ўртоқлашиб, иссиқхона хўжаликларини ташкил этишда амалий маслаҳатлар бериб келмоқда. Бекмуродовлар оиласининг фаолияти изланиш ва тинимсиз меҳнат самарасининг ёрқин намунасидир.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА